
Аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш – меҳнат фаолиятимизнинг асоси. Қамаши тумани ҳокими туман аҳлига ва маҳалла фаолларига мурожаат қилди.
Ҳурматли Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида “Аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш – ислоҳотларимизнинг асоси бўлиб, инсон қадри учун деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш, бундан буён ҳам фаолиятимизнинг бош мезони бўлиб қолади” – деган сўзларини таъкидлади.
Зеро, инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 24-25 октябрь кунлари вилоятимизга ташрифлари давомида берган топшириқлари ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида туманимиздаги мавжуд муаммоларни, халқ дардини менинг муаммом, менинг дардим деб билиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган устувор вазифа ва мақсадли параметрлар ижросини муҳокама қилиб, қўшимча резервларни ишга солиш чораларини кўришимиз барчамизнинг муҳим вазифамиз бўлиши зарур.
Ҳурматли тумандошлар!
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида туманимизда саноат маҳсулотлари ҳажми 544,7 млрд сўмни, асосий капиталга қўйилмалар 363,5 млрд сўмни, қурилиш-пудрат ишлари 172,1 млрд сўмни, чакана савдо айланмаси 843,6 млрд сўмни, кўрсатилган жами хизматлар 791,6 млрд сўмни ташкил қилди.
Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 2023 йил 10 ойликда 45,8 млрд сўм, 226 нафар фуқарога 908,5 млрд сўм субcидия учун маблағ ажратилди.
63 та инвестиция лойиҳалари асосида 933,2 млрд сўм, шундан, саноат сохасиди 25 та хизмат кўрсатиш соҳасида 32 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 6 та лойихалар амалга оширилади ва 1051 та иш ўринлари яратилди.
Экспорт ҳажми 9 млн 532 минг долларни ташкил қилиб, шундан 8 млн 652 минг доллар саноат экспорти бўлса, 880 минг долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига тўғри келади. Йил якунига қадар 16 млн 395 минг долларга етказилади.
Йўл қурилиши соҳасида 40 км йўл асфалть, 3 км бетон, 100 км йўл шағал қилинди. 45 та янги транформатор ва 1458 та бетон устунлар ўрнатилди. 3 та мактаб, 4 та мактабгача таълим ташкилоти ва 4 та соғликни сақлаш муассасалари янгидан қуриб битказилди.
2024 йилда ҳам ушбу йўналишларда тизимли ишлар олиб борилиб, йўл инфратузилмасини ҳамда электр таъминотини яхшилаш каби ишлар амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми жорий йилнинг 9 ойида 2448,1 млрд.сўмга етказилиб ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 101,6 фоиз ўсишга эришилди.
Жорий йилда 2 709 гектар ер томчилатиб суғориш технологиялари билан таъминланди.
Туманда 60 та МФЙ, 55,3 минг та хонадонда 69,7 минг та оилада 289,6 минг нафар аҳоли яшайди. Аҳолининг йиллик ўсиш кўрсаткичи 7,2 минг нафарни (туғилиш 8,4 минг нафар, ўлим 1.1 минг нафар) ташкил этади.
Давлатимизни устувор ривожлантириш Дастурларига мувофиқ туман аҳолиси тўлиқ хатловдан ўтказилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтари”га киритилиб, моддий ва маънавий кўмаклар берилмоқда.
Ёшлар дафтарига киритилган 1 765 нафар йигит-қизлардан 910 нафари ишга жойлаштириш, ўқиши учун шартнома маблағларини тўлаб бериш, иш қуроллари билан таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, ҳарбий сафарбарликка жалб қилиш ва ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун шартнома маблағларини ўтказиб берилди. Шунингдек, вояга етган Меҳрибонлик уйи ва оилавий болалар уйи тарбияланувчиларидан 4 нафари уй-жой билан таъминланди. “Аёллар дафтари”га киритилган 97 нафар аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб бандлигини таъминлаш, 124 нафари турли касб-ҳунарга ўқитиш, 596 нафари жамоатчилик асосида ишга жалб қилиниб, 56 нафарига субсидия ажратилиб, 152 нафарига имтиёзли кредит ажратиш, 236 нафарига иш қуроллари билан таъминлаш орқали муаммолари ҳал этилди.
Куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида тайёргарлик кўрилмоқда.
Энг аввало, таълим муассасаларига эътибор қаратилиб, 7 та мактабнинг том қисмини таъмирлаш учун 700 дона шефир, 22 та ишламайдиган иситиш қозонлари 42 та энерготежамкор қозонлар билан алмаштирилди.
7 минг 100 тонна кўмир жамғарилди. 34 км электр тармоқлари тортилиб, 250 та бетон устун ўрнатилди ҳамда 10 та трансформатор таъмирланди. Бундан ташқари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 8 та трансформатор, шунингдек, 250 миллион сўмлик электр кабел ва бошқа зарурий электр жиҳозлари заҳирага олиб қўйилди.
Туманда аҳоли хонадонлари, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларига жами 1,3 мВт қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилди.
Ҳурматли Президентимизнинг вилоятимиз фаоллари билан ўтказган йиғилишида Қамаши тумани Майданак обсерваторияси атрофида туризм зонасини ташкил этиш тўғрисидаги топшириқларига асосан мутасадди вазирликлар билан ҳамкорликда аниқ ҳисоб-китобларга таянган ҳода туманда туристик масканларни ташкил этиш ва уларга олиб борувчи йўллар бўйида хизматларни ривожлантириш режаси тайёрланди. Туманимизда халқаро туристларни ўзига жалб қилаётган “Лангар ота” қадамжоси ва “Майданак” расадхонаси жойлашган. “Майданак” расадхонаси денгиз сатҳидан 2 минг 700 метр баландликда жойлашган ноёб астрономик иншоот ҳисобланади. Ҳар йили бу жойларга бир неча минг туристлар меҳмон бўлиб кетади.
Президентимиз томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш мамлакат иқтисодиётининг ўсиши ва одамлар ҳаётининг фаровонлиги ошишининг бош омили бўлишини таъкидладилар. Туманимизда 5 минг 800 нафар ишсиз аҳоли йил якунига қадар 4 минг 200 нафарининг бандлигини таъминлаш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилди. “20 минг тадбиркор 500 минг малакали мутахассис” дастури асосида 18 та тадбиркорлик субъектида 731 нафар, “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида маҳаллаларда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда 26 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан 1320 нафар инвестиция дастури асосида 927 нафар, маҳаллалардаги 64 та хизмат кўрсатиш ва сервис объектларини ишга тушириш натижасида 192 та, М 39 ва А 378 халқаро автомобиль йўллари четида 20 та тадбиркорлик объектларида 167 та, 58 та кичик ва микролойиҳалар ишга тушиши натижасида 180 та, 126 гектар ер майдонларида ижара асосида деҳқон хўжаликлари ташкил этилиб фуқаролар бандлиги таъминланади.
Шунингдек, учрашувда боғ ва токзорларни ишсиз ёшларга ажратиб бериш бўйича Қашқадарё тажрибасини яратиш лозимлигини таъкидланди. Қамаши туманда 835 гектар боғ ва токзор ораларига куз-баҳор мавсумида экин экиш ишлари олиб борилиши режалаштирилди. Ҳозирда ишсиз ёшлар баланси шакллантирилиб, боғ ва токзор ораларини уларга ажратиб бериш учун тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Ёшлар ушбу майдонларда пиёз, саримсоқпиёз, лавлаги, исмалоқ, кўкатлар, шолғом ва шу каби экинларни экиш истагини билдиришди.
Туманимизда “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” дастури асосида Манғит ва Зафар маҳаллаларда белгиланган мезонлар доирасида ишларни сифатли ва тўлиқ амалга ошириб, ушбу ҳудудларни ишсиз ҳудудга айлантириш чоралари устида ишлар олиб борилмоқда.
Ҳурматли Президентимиз “2024-йил Қашқадарёда таълим ва тиббиёт йили бўлади”, деб алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Бу топшириқлари бўйича 29 та мактабгача таълим ташкилотларида ва 98 та мактаб ҳамда 28 та соғликни сақлаш муассасаларини сектор раҳбарлари тўлиқ ўрганиб, объектларнинг ички ва ташқи ҳудудлари шароитларини яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш ҳамда ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларнинг ўз ташкилоти ҳудудини яшил маконга айлантириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан раҳбарлар билан очиқ мулоқат тарзида йиғилиш ўтказилди.
Юртбошимизнинг аҳоли саломатлигини асраш, айниқса оналар ва болалар ўлимини бартараф этиш юзасидан куюниб билдирган фикрлари барчамизни сергаклантирди. Ҳар бир маҳаллада аёллар дояси бўлиши ҳақидаги таклифларини мамнуният билан қабул қилдик. Дарҳақиқат, ёш қизларни оилага тайёрлаш, улар саломатлигини назорат қилиш орқали соғлом фарзандни дунёга келтириш ва тарбиялаш жамиятимиз ривожи учун катта самара беради деб ўйлаймиз. Ўрганишлар давомида бизнинг туманимизда ҳам бу соҳада қилиниши керак бўлган энг долзарб муаммолар борлигини яхши биламиз. Шу мақсадда туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддиларининг фикрларини инобатга олган ҳолда сифатли тиббий хизматни шакллантириш дастури амалга оширилади.
Ҳурматли тумандошлар!
Мамлакатимизда яшил оламни сақлаш ва кўпайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида шаҳарлар, туман марказлари ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини пухта тайёргарлик билан амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди. Юртбошимизнинг ташаббуслари билан мамлакатимиз бўйлаб 25-октябрдан 5-декабрга қадар кўчат экиш 40 кунлик лойиҳаси эълон қилинди. Шу мақсадда туман штаби фаолияти йўлга қўйилди. Давлатимиз раҳбарининг аниқ кўрсатган йўл-йўриқлари асосида туманимиздаги барча ташкилот, корхона ва муассаса ходимлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар иштирокида ҳудудларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, кўчат экиш ишлари уюшқоқлик билан бошлаб юборилди. Туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлимларига кўчат экиш тадбирларини тизимли ташкил этиш борасидаги вазифалар бириктирилди. Бу йилги “Долзарб 40 кунлик” кўчат экиш умуммиллий лойиҳасида туманда жами 518 минг 300 туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экишни режалаштирганмиз. Мутахассисларнинг берган маълумотларига кўра, кеч кузда экилган айрим кўчатларнинг ўниш самарадорлиги юқори бўлишига амал қилган ҳолда, айни кунларда туманимиз иқлим шароитига мос келадиган қайрағоч, шумтол, акация, тут, жийда, заранг, павлония, терак, япон сафораси, беҳи, эман, катальпа, виргин арчаси, чинор, узум-ток каби мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда.
Қадрли туманимиз аҳли, юртдошлар!
Аввалари ҳам кўчат экиш ишлари олиб борилган, бироқ экилган кўчатларнинг тўла-тукис униб ўсиши, келажакда фойда беришига маъсулият билан қарамаганлигимиз барчамизга сир эмас. Юртбошимизнинг бугунги ташаббусларининг асл мақсади, экилган кўчатни кўкартириш, парваришлаш ва келажак авлодга мусаффо табиатни инъом этишдан иборат. Шундай экан, ҳар бир ерга қадалган ниҳол дарахт бўлсин. Халқимизда “Кўчат эк, боғ ярат” деган нақл бор. Инсон қўли билан яратилган яшил макон чиройли манзара ҳосил қилса, кишининг дилини яйратиб, кўзларини қувонтиради, дастурхонимизни ширин-шарбат мевалар билан тўлдиради, одамзод саломатлигини асрайди ҳамда Она замин ҳавосининг софлигини таъминлайди. Ҳудудларнинг ободлиги ўсиб келаётган ёш авлоднинг табиатга меҳр қўйишига, аждодларимиз каби улкан боғ-роғлар яратишда, табиат гўзаллигидан баҳра олиб, илҳомланиб, янги ижод намуналарини яратишда, илм-фан сирларини очишда муҳим ўрин тутади деб ишонамиз.
Ҳурматли ташкилот раҳбарлари ва маҳалла фаоллари!
Муҳтарам Президентимизнинг вилоятимизга ташрифлари давомида берган топшириқларидан келиб чиқиб, туманимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган устувор вазифалар, мақсадли параметр кўрсаткчларини бажаришда ҳаммамиз елкама-елка бўлиб, олдимизга қўйилган ҳар бир муаммони бартараф этишга, масалаларни ҳал қилишга бирдамлик билан ёндошишга чорлаб қоламан.
Ҳурматли туманимиз аҳли! Муҳтарам отахон ва онахонлар!
Аввало, Сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик тилайман. Энг улуғ неъмат бўлган тинчликнинг шукронасини ҳис қилиб, азиз фарзандларимиз учун бахтли ва фаровон келажакни барпо этишда ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлиб, ёш авлодни миллий қадриятларимизни улуғлаш, ватанни севиш руҳида тарбиялаш, оилаларни мустаҳкамлаш, яшаб турган манзилларимизни обод қилишда муносиб ҳиссангизни қўшасиз деб ишонаман.
Хуршид Усмонов, Қамаши тумани ҳокими