Аҳоли мурожаатларига кўра амалий ишлар давом эттирилмоқда

Аҳоли мурожаатларига кўра амалий ишлар давом эттирилмоқда

Ishonch.uz сайтида “Чала қолган иш” номи билан мақола эълон қилинган. Унда Қамаши тумани Манғит маҳалласи Лалмиобод кўчаси фуқароларининг йўл ва электр таъминоти бўйича мурожаатлари акс этган.

Ушбу ҳолат юзасидан маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сардор Абдуллаев қуйидагиларни маълум қилди.

Дарҳақиқат Лалмиобод тупроқ йўлли кўча ҳисобланади. Фуқаролар мурожаатлари ва йўлнинг тупроқлиги инобатга олиниб туман ҳокимлигига таклиф киритганмиз. Ушбу таклифга кўра мутахассислар кўчани шағаллаштириш бўйича лойиҳа тайёрлашди. Лойиҳага кўра жорий йил ҳисобидан йўл таъмирланади. Шунингдек, маҳалламизда электр таъминотини янгилаш бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган. Янги трансформаторлар ўрнатилмоқда ва янги электр узатиш линиялари тортилмоқда. Лалмиобод кўчасига ўрнатилган янги трансформаторнинг керакли эҳтиёт қисми келмаганлиги учун фойдаланишга топширилмасдан турибди. Электр таъминоти корхонаси билан бу бўйича доимий алоқага чиқиб турибмиз. Эҳтиёт қисми олиб келингач, трансформатор ишга туширилиб, янги тармоқ тортиш ишлари олиб борилади. Фуқароларимиз томонидан билдирилган камчиликлар жорий йилнинг ўзида бартараф этилади.