
БОЛАЛАРНИ КУЙЛАМОҚ БАХТИМ…
Саодат Тожи. 1937 йилда Қамаши тумани Қоратепа қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат чет тиллар олийгоҳини тамомлаб, узоқ йиллар Қамаши шаҳридаги мактабда ўқитувчилик қилди. Шоирнинг “Энг яхши совға”, “Инсон севар яхшини”, “Қушлар байрами”, “Олтин болта” каби болаларга аталган шеърий китоблари нашр этилган. 1981 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси . Шоир Саодат Тожи 2001 йилда вафот этди.
БОЛАЛАРНИ КУЙЛАМОҚ БАХТИМ…
Кетса ҳамки қадрли вақтим,
Шеърга солиб орзую аҳдим,
Куни тунлар ишлатиб ақлим,
Болаларни куйламоқ бахтим.
Мен ҳам кеча ёш бола эдим,
Ғунча мисол гуллола эдим,
Қандай яхши болалик, дедим,
Болаликни куйламоқ бахтим.
Бола қалби кўрмасин озор,
Дард чекмасин, йиғламасин зор.
Болалик уй доимо бозор,
Болаларни куйламоқ бахтим.
Ҳеч бир гўдак бўлмасин сағир,
Сағирлик бу жуда ҳам оғир,
Болалар-ку бахтимиз ахир,
Болаларни куйламоқ бахтим.
Беғубордир ҳамма гўдаклар
Улардаги орзу тилаклар,
Фарзанд билан яйрар юраклар,
Болаларни куйламоқ бахтим.
Омон бўлсин дунё боласи,
Доим бўлсин ота-онаси,
Нурга тўлсин ҳовли-хонаси,
Болаларни куйламоқ бахтим.
Бола дунё – болалар олам,
Бола билан бахтиёр одам,
Улар билан бахтлиман мен ҳам,
Болаларни куйламоқ бахтим.
АСАЛАРИ
Асалари, асалари,
Қўрқиб мендан қочма нари.
Гул ўстирдим сенинг учун,
Асал тўпла менинг учун.
Гул асалин маза дерлар,
Ейишга соз, тоза дерлар,
Ясаб қўйдим, уй-қутича,
Асал тўпла менга пича.
Асалари келди учиб,
Айландилар боғни қучиб.
-Майли деди, тўплай асал,
Асалим еб бўлма касал.
Ёмонларга найзам ўқдир,
Яхшиларга нафим кўпдир.
АҚЛ ВА ЖАҲЛ
Жаҳли чиқса одамнинг,
Қочар эмиш ақли ҳам.
Ақли қочса одамнинг,
Қочар эмиш бахти ҳам.
Ақлим қочса не деган,
Одам бўлиб қоламан.
Асло чиқмасин жаҳлим,
Ҳозирча ёш боламан.
Жаҳлдорларнинг сочи,
Кетар эмиш оқариб.
Ҳатто олтмишга кирмай,
Қолармишлар тез қариб.
Одам бўлиб туғилдим,
Келажакка бўйлайман.
Энг камида юз ёшга,
Киришимни ўйлайман.
Жаҳлим чиқса мабода,
Дарров четга ташлайман.
Бу дунёда ҳар доим,
Ақлим билан яшайман.
НОН
Нонни эъзозлаганлар,
Кам бўлмасин дунёда.
Ҳамма-ҳамма нарсадан,
Ноннинг қадри зиёда.
Эл-у- юртнинг тўқлиги,
Тўкин дастурхон билан.
Фахрлансак арзигай,
Ғаллакор деҳқон билан.
Ота-боболаримиз,
Нонимизни жон деган.
Нон-ку асли нон эрур,
Ушоғи ҳам нон деган.
Тандир тўла нон ёпган,
Оналарга ташаккур.
Нонвойликдан шон топган,
Оталарга ташаккур.
Нон гўдаклар кулгуси,
Нон қувончлар туйғуси.
Ғалла билан, дон билан,
Дунё обод бўлғуси.
Қўшиқ ёзди Саодат,
Нонни севиб жонидан.
Инсонларни ҳеч қачон,
Айирмасин нонидан.
ЛАЙЛАК
-Нима учун Лайлаклар,
Бир оёқда туради.
Сабабини Нортожи,
Баҳодирдан сўради.
-Билмайсанми шуни ҳам,
Жавоб берди Баҳодир.
Бир оёқда туриб у,
Ерга енгил бўлсин дер.
ҲАММАСИ НЕЧТА
Катта боғда туп қушлар,
Сайрашиб кўнгил ҳушлар.
Чирқиллайди уч чумчуқ,
Кичиги сариқтумшуқ.
Оқиб ётар ариқча,
Ҳув, дарахтда беш Зағча,
Учиб юрар читтаквой.
Ахтариб яхшироқ жой.
Гулзорда икки булбул,
Қўшиқ айтади нуқул.
Ухлар мусича – учта,
Айтинг ҳаммаси нечта?
ҚОВУН ДАРАХТ
Бир дарахт бор Африкада,
Қовун дарахт аташар.
Пишганида одамлар,
Емоқ учун талашар.
Ширин эмиш меваси,
Кўрмаганман ҳеч тотиб.
Қамайнинг қовунига,
Айтдим, бироз ўхшатиб.
Саҳифани Ўролбой ҚОБИЛ тайёрлади.