Қамаши тумани марказидаги 7 умумий ўрта таълим мактабининг дарс жараёнлари билан танишиш давомида туман ҳокими синфхоналарнинг иситиш тизими билан қизиқди.
Мактаб иситиш печлари ва кўмир захираси ўрганилди. Синфхоналарнинг етарли даражада иссиқлик билан таъминланмаётганлиги кузатилди.
Мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарининг иши қониқарсиз баҳоланди. Туман ҳокими томонидан мактаб директори жиддий огоҳлантирилиб, мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича муддат берилди.
Ўрганиш давомида мактаб ўқувчилари ота-оналарининг таклифлари ҳам тингланди.
Шунингдек, Туман ҳокими 9-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби синфхоналарининг иситиш тизими билан ҳам танишди.
Бугунги кунда мактаб Педагогика касб-ҳунар коллежи биносида фаолият юритмоқда. Шунингдек, ушбу бинода “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари ҳам таҳсил олишади.
Бино замонавий иситиш тизими билан таъминланган. Табиий газ етказиб берилиши натижасида синфхоналар иссиқлик билан таъминланади.
Туман ҳокими томонидан масъулларга табиий газни мавсум давомида узлуксиз берилиши ва зарурат бўлса, қўшимча иссиқлик чиқарувчи печлардан фойдаланиш кўрсатмаси берилди.