
Депутатларга қандай таклифлар берилди?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Жамшид Қосимов ва Дилшод Ҳамзаев бугун Қамаши туманида фаоллар билан учрашди.
Чим ҳудудида ташкил қилинган учрашувда Вилоят кенгаши депутати Абдимурод Бозоров, туман ҳокими ўринбосари Тожиддин Раҳимов ҳам иштирок этди.
Учрашувда бир қатор масалалар юзасидан таклифлар тингланди.

“Қамаши” газетаси муҳаррири Т.Тиллаев ичимлик суви масаласида депутатларга таклиф билдирди.
Хусусан, мутахассислар ўрганишига кўра туман марказидаги 10 та МФЙ, шунингдек “Лойқасой”, “Оқгузар”, “Қамай”, “Олмазор”, “Пахтаобод”, “Соҳибкор” ҳудудлардаги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ер ости суви истеъмол учун яроқли бўлган Маданият қишлоғида 15 дона артезиан қудуғи қазиш ва сув ишлаб чиқариш зонаси ташкил қилиш мумкинлиги тўғрисида гапирди.
Ушбу лойиҳа амалга ошса, туман аҳолисининг ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 7 фоиздан 37 фоизга ошади.

Депутат Дилшод Ҳамзаевнинг маълум қилишича, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоятига 200 млрд. сўм маблағ ажратилган. Ушбу таклифни тегишли ташкилотларга маълумот тариқасида киритилиши билдирилди.

Шунингдек, учрашувда 2-мактабгача таълим ташкилотининг таъмирталаб бўлиб қолганлиги масаласи кўтарилди. Ушбу масала юзасидан депутат Жамшид Қосимов мактабгача таълим ташкилотига келиб ҳолатни ўрганди.
Учрашувда, “Қулоқли” насос станцияси, “Қорасув” дарёсидан фойдаланиш имкониятини ошириш, йўл каби масалалар юзасидан таклифлар берилди.