
Довуд маҳалласидаги кўприк қурилиши эътиборсиз қолиб кетмоқдами?
Қамаши тумани “Довуд” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қизилтепа-Лангар-Майданак” автомобиль йўлининг 15 км.даги Лангар дарёсидан кесиб ўтувчи автомобиль ўтадиган кўприкка зарурат бор.
Кўприк қурилишига заруратни ўрганиш давомида “Довуд” маҳалласидаги 70 метрлик янги кўприк барпо этилиши натижасида Довуд, Тўдана, Ханнар, Калтатой, Қоранқул қишлоқларининг 1852 та хонадонидаги 18 550 нафар аҳоли учун туман маркази билан боғловчи хавфсиз йўналиш бўлиши ойдинлашган.
Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Қамаши тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Қурбон Ҳайдаровга мурожаат қилдик.
-Лойиҳачи ташкилотларга буюртма берган эдик. Улар Калтатой қишлоғидаги кўприк қурилиш зарур бўлган жойни ўрганиб ўз таклифларини беришди. Битта автомашина сиқадиган кўприк қурилиши учун 4,5 миллиард сўм, икки томонлама ҳаракат бўладиган кўприк учун 6,5 миллиард сўм маблағ талаб қиладиган лойиҳани маъқуллашди. Ҳозирда туман бюджети орқали ушбу кўприкни қуриш имкониятига эга эмасмиз. Маблағ масаласида ечимни топсак, кўприк қурилишини бошлаймиз. Шунингдек, ушбу кўприк қурилишини 2021 йил давлат дастурига киритиш бўйича таклиф берилган.
Ушбу ҳудудда жойлашган “Қил кўприк” деб аталувчи осма кўприкни таъмирлаш учун ҳам 100 миллион сўм маблағ зарур. Пандемия шаротида кўплаб қурилиш ортга сурилиб бормоқда. Агар «Қил кўприк» таъмирланса, натижада аҳоли учун хавфсиз ўтиш йўлаги пайдо бўлади.
Қамаши туман ҳокимлиги ахборот хизмати