
Дўнг Куба қишлоғи йўллари қачон таъмирланади
“Қашқадарё” телеканалининг “Ечим излаб…” кўрсатуви орқали Қамаши тумани “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини Дўнг Куба қишлоғи ички йўлларининг яроқсиз аҳволда эканлиги эфирга берилди.
Дўнг Куба қишлоғи ички йўлларининг ёғингарчилик вақтида лой, иссиқ кунларда чанг бўлиши маҳаллий аҳолига қийинчилик туғдириб келади. Мазкур ҳолат юзасидан қишлоқ аҳолиси бир неча маротаба туман ҳокимлигига мурожаат қилган.
Ички йўллар қачон таъмирланиши тўғрисида туман ҳокимлиги қурилиш соҳаси бўйича бош мутахассис Шуҳрат Эшмаматовга мурожаат қилдик.
– Қамаши тумани бўйича 2021 йилда маҳаллий ҳокимликлар балансидаги умумфойдаланувидаги хўжаликлараро ва қишлоқ аҳоли пункти автомобиль йўлларини таъмирлаш бўйича дастлабки манзилий рўйхат шакллантирилган. Ушбу манзилли рўйхатга “Истиқлол” маҳалласидаги Дўнг Куба қишлоғининг 0,5 км. ва Катта Куба қишлоғининг 0,9 км. ички йўллари таъмирланиши киритилган. Ҳозирда манзилли дастурга киритилган ва “Обод маҳалла” дастури бўйича туманда ички йўллар таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Дўнг Куба қишлоғида ҳам жорий йил ҳисобидан белгиланган ички йўллар таъмирланади.
*Изоҳ: Дўнг Куба қишлоғи Қамаши туманидаги «Истиқлол» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган