
«Манғит карвон йўли» бозоридаги ҳолат бартараф этилди
Ижтимоий тармоқларда Қамаши туманидаги “Манғит карвон йўли” бозорининг ёғингарчилик мавсумидаги ҳолати тўғрисидаги видео мурожаат кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ушбу ҳолат ўрганиб чиқилиб, бозор ҳудудидаги кўлмаклар ва тупроқ майдон қониқарсиз аҳволда эканлиги қайд этилди. Аҳоли ва тадбиркорлар эътирозига сабаб бўлаётган ушбу ҳолатларни бартараф қилиш бўйича чоралар белгиланди.

Бозор ҳудудига кириб келиш ва мол бозори ҳудудидаги лойлар тозаланди. Шундан сўнг, бозорнинг аҳоли ҳаракатланадиган қисмига тош-шағал қопламаси ётқизиб чиқилди. Келгусида ушбу бозорда ҳам аҳоли ва тадбиркорлар учун янада яхши шароит қилиш бўйича бозор маъмуриятига кўрсатма берилди.
Маълумот ўрнида, Қамаши туманида 7,6 гектар майдонда замонавий кўринишдаги янги бозор ҳам бунёд этилган. Тез кунларда ушбу бозор ўз фаолиятини бошлайди.
