“Менинг юртим” телеканалида эълон қилинган Шакар қишлоғидаги муаммолар тўғрисидаги лавҳага муносабат

“Менинг юртим” телеканали “Марказий студия” кўрсатувида Қамаши тумани “Қоратепа” маҳалла фуқаролар йиғини Шакар қишлоғида газ, электр энергияси, ичимлик суви ва йўл муаммоси борасида фуқароларнинг қийнчиликларга учраётганлиги эфирга узатилди.

Ушбу ҳолат юзасидан тегишли мутассадди ходимларга мурожаат қилдик.

Эски симёғочлар ва паст ток кучланиши ҳақида эътирозлар билдирилган.

-Ҳозирги кунда Шакар қишлоғи аҳолиси 4 та трансформатордан фойдаланиб келмоқда, – дейди туман электр таъминотининг Қоратепа қишлоғига масъул ходим Рустам Бозоров. 2018 йилда 70 та хўжалик учун  дастур асосида 1 дона янги трансформатор ва 850 метр янги кабель тортилди. Манзилли дастурга кўра 2023 йилда қишлоқ аҳолиси учун янги трансформатор ва кабеллар ўрнатилиши белгиланган. Таъмирталаб, аҳоли ўзи ўрнатиб олган симёғочлар ҳам бор. Лекин улардан вақтинча фойдаланиш мумкин. Дастур асосида янги бетон устунларга алмаштирилиши режалаштирилган.

Лавҳада эски тиббиёт маскани ҳақида фуқаролар фикрлари билдирилган.

-30 йил олдин пахсадан қурилган ФАП биноси бугунги кунда туман тиббиёт бирлашмаси томонидан фойдаланилмайди, – дейди туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Зайниддин Эшонқулов. Лавҳага эътибор қилинса ҳам бино ичида ҳеч қандай жиҳозлар мавжуд эмас. Ушбу бино хусусий шерикчилик асосида  фойдаланиш учун аукционга қўйилган. Агар ушбу аукционда ҳеч ким харид қилмаса, бино туман захирасига қайтариб берилади. Қоратепа ҳудудида жойлашган 20 ўринли шифохонада 2019 йилда 1,6 миллиард сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилган. Бугунги кунда замонавий кўринишга эга шифохона маҳалла аҳолиси хизматида.

Ичимлик сув муаммоси

-Ичимлик суви муаммоси туманимизнинг деярли барча ҳудудларида бор, – дейди туман ҳоким  ўринбосари Қ.Ҳайдаров. Қашқадарё вилояти аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш борасида бир қатор амалий ишлар бошланмоқда. Қамаши тумани аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш учун таклифлар ишлаб чиқилган бўлиб, уларни тегишли ташкилотларга тақдим қилганмиз.

Йўллар ҳақида

Лавҳада Шакар қишлоғи йўлларини тўлиқ таъмирлаш борасида гап боради. Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2020 йил давомида маҳалий бюджет ҳисобидан Қамаши туманида 16 км йўлга тош ётқизилди. Йўлларнинг таъмирталаблиги ўрганилган ҳолда манзилли дастурларга киритилади. Маблағ масаласида ечими топилгач, таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Суюлтирилган газ баллонлар

-Шакар қишлоғига охирги марта 60 кунда суюлтирилган газ баллонлар етиб борган, – дейди “Қоратепа” маҳалла фуқаролар йиғинига тумангаз таъминотидан бириктирилган вакил Шамсиддин Қосимов. 21 ноябрь санасида ҳам суюлтирилган газ баллонлар тарқатилмоқда. Бу сафар 45 кунда етказилмоқда. Фуқаролар имконият даражасида газ баллонлар билан таъминланган. Агар таъминланмаган фуқароллар бўлса, мурожаат қилишлари мумкин.

Қамаши тумани ҳокимлиги ахборот хизмати