
Муносабат
“Элмурод Блогер” телеграм каналидаги “Қамай Қорасув лалмиси” МЧЖ раҳбарининг чиқиши юзасидан маълумотнома
Унда блогер бир томонлама воқеага ёндошган ҳолда фуқаро мурожаатини ёритган. Ушбу ҳолат юзасидан тегишли мутахассислар ўрганиш ишларини олиб борди.
“Қамай Қорасув лалмиси” МЧЖ чорвачилик йўналишида фаолият юритиб келади.
“Қамай Қорасув лалмиси” МЧЖ бугунги кунда туман ҳокимининг қарори билан чорва озуқа экинлари етиштириш учун 227,5 гектар лалми ер майдонларидан ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиб келмоқда. Мазкур майдонларга бугунги кунда 26,4 гектар бошоқли дон экинлари, 22,6 гектар майдонларга мойли экинлар экилган.
МЧЖ 2020 йил декабрь ойида Халқ банки кредити асосида Россия давлатидан 50 бош (симментал) зотли наслли чорва моллари олиб келган.
Ҳозирги кунда “Қамай Қорасув лалмиси” МЧЖ ҳисобида 42 бош чорва моллари бўлиб “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган чорва мол бош сонига нисбатан 25,2 гектар суғориладиган ер майдони тўғри келади.
Тадбиркорни қўллаб-қувватлаш ва ерга қонуний эгалик қилгунга қадар чорва молларини озуқа билан таъминлаш мақсадида “Қамай Қорасув лалмиси” МЧЖга Чимқурғон ҳудудидан туман захирасида турган суғориладиган ер майдонларидан 38 гектар ер участкаси вақтинчалик фойдаланишга берилган. Шундан сўнг ҳам тадбиркор томонидан ерга қонуний эгалик қилиш ҳаракатлари амалга оширилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сон Фармони билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 23 ноябрдаги ПҚ-20-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги 709-сон қарори билан тасдиқланган Деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ижарага беришнинг маъмурий регламентига асосан туманда 376 гектар суғориладиган ер майдонлари танлаб олиниб электрон танлов орқали ижара ҳуқуқи асосида фуқароларга бериш учун аукцион савдоларига чиқарилган.
“Қамай Қорасув лалмиси” МЧЖ 2022 йилга келиб Чимқурғон ҳудудидаги жами 85 гектар майдонга (53 гектар арпа, 32 гектар беда), шу жумладан аҳолига деҳқон хўжалиги юритиш учун ажратилиши белгиланган 34 гектар ер участкаларига ўзбошимчалик билан қишлоқ хўжалик экинлари эккан. Ваҳоланки, 2022 йил 1 февраль санасида туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан расмий огоҳлантириш берилган. Огоҳлантиришга қарамасдан тадбиркор ўзига тегишли бўлмаган ер майдонига экин экиш ишларини давом эттирган.
Ушбу ҳолат юзасидан “Қамай Қорасув лалмиси” МЧЖ раҳбари Алишер Қаюмов ёзма ва оғзаки тарзда бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамасдан туман захира ер фондида турган ва аҳолига ажратилиши белгиланган ерларга ноқонуний экинлар эккан.
2022 йил 12-13 апрель кунлари аҳолига деҳқон хўжалиги юритиш учун ўтган аукцион савдолари натижаларига кўра ғолиб фуқароларга белгиланган ер майдонлари 2022 йил 17 апрель куни мутахассислар томонидан тегишли тартибда ўлчаб берилган. Шундан сўнг фуқаролар томонидан ўлчаб берилган ерларга экин экиш мақсадида ерга ишлов бериш бошланган ва ноқонуний экилган арпа ва беда экинлари тадбиркор гувоҳлиги ва розилиги асосида бузилган. Бу тўғрисида тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилган.
Шу ўринда тадбиркор банк билан тузган шартнома шартларини бажармасдан 579 миллион сўм кредит қарздорлиги юзага келтирган.
Бугунги кунда “Қамай Қорасув лалмиси” МЧЖ ноқонуний фойдаланиб келаётган ер майдонларидан чорвачилик учун 53 ва 23 гектарли лойиҳалар тайёрланиб юридик шахсларга ижарага бериш учун электрон аукцион савдоларига чиқариш жараёнида.
“Қамай Қорасув лалмиси” МЧЖ қонуний тартибда аукцион савдоларида иштирок этиб, ғолиб бўлган тақдирда ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.