Муносабат

Муносабат

Bastion телеграм каналида Қамаши тумани Чангак маҳалласи фуқаролари мурожаати эълон қилинди.

Унда Чангак маҳалласи айрим кўчаларининг таъмирталаблиги таъкидланган.

Ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида «Чангак» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўрал Абраев фикрлари билан танишдик:

Бизнинг маҳаллада 3500 дан ошиқ фуқаролар истиқомат қилиб келмоқда. Маҳалламиз ҳудудида 25-, 34- ва 26-мактаб жойлашган. Маҳалламиз ёшлари асосан 25- ва 34-мактабларда таҳсил олади.

Мактаб маҳалламиздан ўтган асосий йўлда жойлашган. Ва ушбу кўчалар асфальтлашган. Лекин қишлоқ ичидан чиқиб келувчи аҳоли тупроқ кўчалардан фарзандларини мактабга кузатишади. Буни инобатга олган ҳолда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ва аҳоли кайфиятига таъсир қиладиган муаммолар сифатида маҳалламизда 2,8 километр ички йўлларни шағаллаштириш масаласи таклифини киритганмиз. 2023 йилда ушбу кўчаларга тош-шағал ётқизиш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Шунингдек, асосий кўчада пиёдаларга қулайлик яратиш мақсадида пиёдалар йўлаги қуриш ишлари ҳам белгиланган. Бу бўйича туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходими Қаҳрамон Муродов қуйидагиларни билдирди:

Чангак маҳалласининг мактаб жойлашган кўчасида 1000 метр пиёдалар йўлаги қуриш белгиланган. 2022 йил якунига қадар 500 метр пиёдалар йўлаги қурилади. 2023 йилда 500 метр пиёдалар йўлаги қуриш ишлари олиб борилади. Ҳозирда ушбу йўлак пойдеворини тайёрлаш ишлари бошланган.

                                 

2022 йил Қамаши тумани 2 та маҳалласида “Обод қишлоқ” дастурига кўра ва 8 та оғир тоифага киритилган маҳалларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, қўшимча дастурга кўра мавжуд техникалар инобатга олинган ҳолда 23 та маҳалла фуқаролар йиғининг 26 километр йўлларида шағаллаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ишлар 2023 йилда ҳам давом этади. Чангак маҳалласи ички йўлларида ҳам 2023 йилда таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган.