Пенсияга чиқиш янада соддалаштирилмоқда

Пенсияга чиқиш янада соддалаштирилмоқда

Ўзбекистонда ҳеч ким давлат эътиборидан четда қолмайди. Давлат халқни рози қилиш, халқнинг оғирини енгил қилиш устида муттасил иш олиб бормоқда. Бундай ғамхўрликдан энг аввало, пенсия ёшига етган отахону-оналар баҳраманд бўлмоқда. Мамлакатимиз Президентининг 2022 йил 7 апрелдаги “Давлат пенсиялари, нафақалар, компенсациялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли.

Ҳаммамиз яхши биламиз, авваллари юртдошларимиз пенсияга чиқишда жуда кўплаб сарсонгарчиликларга учраб келарди. Пенсияга чиқиш учун фуқаро меҳнат фаолияти давомида нечта ташкилотда ишлаган бўлса, ҳаммасидан қанча муддат ишлагани, қанча маош олгани тўғрисида маълумотнома йиғиши керак бўларди. Тасаввур қилинг, сиз, масалан, 30 йилда 10 дан зиёд ташкилотда ишладингиз. Энди пенсияга чиқишингиз керак. Демак, югур-югур вақти келди. Бу пайтда айрим ташкилотлар “ёпилиб” кетган бўлиши ҳам мумкин. Бу ёғи энди суд орқали ҳал бўлади. Ушбу ҳужжатларни йиғиш учун камида икки ой вақт кетган. Қанча вақт, қанча сарсонгарчилик, асаббузарлик керак.

Буёғига эса фақат паспорт ёки идентификация картаси асосида пенсия ва ижтимоий нафақалар тайинланади. Бунга эришиш учун вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмоқда, электрон ахборот алмашинув тизими жорий этиляпти. Янги тартибга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб меҳнат стажи, иш ҳақи, олийгоҳда ўқигани ва ҳарбий хизмат даври маълумотлари Пенсия жамғармасининг дастурий таъминоти билан боғланган ҳолда “Ягона меҳнат миллий тизими” орқали электрон тарзда олинади. Келгусида фуқароларга пенсия бўлимларига келмасдан, уларнинг электрон мурожаатлари асосида пенсия тайинлаш имконияти яратилади.

Яна бир муҳим ўзгариш — ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоғи келгусида пенсия таъминотига эга бўлиши учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда улар учун ҳам ижтимоий солиқ тўлаб бориш ҳуқуқи берилди. Бу орқали, ўз навбатида, оилада бола парвариши ва бошқа юмушлар билан банд бўлгани ёки турмуш ўртоғининг хоҳишига асосан, ишламаган аёллар учун келажакда пенсия олиш имконияти берилади. Қолаверса, пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра, доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланиши ва тўланиши мумкин. Яъни фуқаро вилоятда доимий яшаётган (просписка), бироқ Тошкент шаҳрида вақтинча рўйхатдан ўтган бўлса, пенсия тайинлаш ёки тўлаш учун вилоятга бориш билан боғлиқ муаммолар бартараф этилади.

Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ, тизимда яна бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Хусусан, 2022 йил 1 майдан “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилганларга ва жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга бериладиган тўловлар ҳар ойнинг 5-санасигача молиялаштирилади ҳамда АТ “Халқ банки”нинг сайёр кассалари томонидан маҳаллаларга етказилади. АТ “Халқ банки” томонидан пенсия, нафақалар ва моддий ёрдамни фуқароларга нақд пулда етказиш хизматлари учун 1 фоиз миқдорда банкка хизмат ҳақи тўлаб берилади. Эътибор қаратинг, ушбу 1 фоизни пенсионерлар тўламайди, бу бюджет ва Пенсия жамғармаси маблағларидан қоплаб берилади. Энди пенсионерлар пластик картадаги пулини нақдлаштириш учун туман марказига бориб юришига ҳам ҳожат қолмайди. Халқ банкининг сайёр кассалари маҳаллаларга бориб, хоҳловчиларнинг пулларини нақдлаштириб беради. 2022 йил 1 сентябргача эса ҳарбийлаштирилган пенсиялар тизими автоматлаштирилади ва пенсия варақаларини юритиш амалиёти бекор қилинади.

Қарор билан яна бир оғриқли масалага ечим топилмоқда. Тошкент шаҳрини ҳисобга олмаганда, юртимизнинг исталган туманидаги исталган банкка боринг, нақд пул олиш учун охири йўқ навбатларга кўзингиз тушади. Банкларда банкомат етишмайди, борлари ҳам ё ишламайди, ё пули тугаган. Айни жиҳат қарорда ўз аксини топмоқда. Яъни аҳолини банкоматлар билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида 2022 йил 1 октябрга қадар хориждан 1 800 та банкомат олиб келинган ҳолда, уларнинг ҳудудлар, шу жумладан, олис туманларда ўрнатилиши таъминланади. Шу билан бирга, 2022 йил якунигача пенсия ва нафақа олувчилар маблағларини масофадан бошқариш имконини берувчи банкнинг янги мобиль иловаси ишлаб чиқилади.

Дурбек Худойқулов

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси референти