УЛКАН ЗАФАР МУБОРАК БЎЛСИН!

УЛКАН ЗАФАР МУБОРАК БЎЛСИН!

Қамаши тумани фермерлари шартнома шартларини бажаришди

2020 йилда Қамашида 362 нафар фермер хўжаликлари 9 455 гектар майдонга чигит экди. Бугунги кунга қадар фермер хўжаликлари пахта майдонларидан 25 минг 536 тоннадан ортиқ пахта ҳосили териб олинди ва шартнома шартлари тўлиқ бажарилишига эришилди.

Жорий йилда туманда пахта тозалаш корхонаси иштирокида фермер хўжаликларининг ихтиёрий “Қамаши Яхши ният” пахтачилик кооперацияси ташкил қилинди.

Қамашида ғўзанинг “Бухоро 102”, “Порлоқ 4”, “Наманган 77 ” ва янги навлар бўйича жойлаштиришда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити, сув таъминотлари ҳамда соҳанинг етакчи олим ва мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, шунингдек, “Мадад” гуруҳи мутахассислари таклифлари инобатга олинди.

 

Жорий йилда ғўзани минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари алоҳида назорат асосида босқичма-босқич олиб борилди. Бунда аввало, пахтачилик кооперацияси томонидан минерал ўғитлар захирасини тўлиқ яратилганлиги ҳамда фермер хўжаликларига ўз вақтида узлуксиз етказиб берилиши ўз самарасини берди. Ғўзани минерал ўғитлар билан озиқлантириш мақсадида чорвачилик фермер хўжаликлари, паррандачилик корхоналари ҳамда аҳоли хонадонларидаги 45 минг тонна маҳаллий ўғит ғўза майдонларига чиқарилди. Шунингдек, ғўзани суғоришда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида  15 та  “суғориш отрядлари” ташкил этилди ҳамда 300 гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий этилди.

IMG_4136

Бундан ташқари, туманда ғўза парваришида инновацион технологияларни қўллаш, ғўзани ривожини тезлаштириш ва ҳосилдорликни 3-5 центнерга ошириш мақсадида биологик фаол моддалар-биостимуляторларни қўллаш кенг татбиқ этилди.

Ҳудудда пахта йиғим-терими ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 260 та терим отрядларида 20 мингдан ортиқ теримчи ихтиёрий пахта теримида иштирок этмоқда.

–Фермерлар бугун кўплаб оворагарчиликдан холи бўлди,–дейди “Шермат ўғли Мурод” фермер хўжалиги раҳбари Тоҳир Равшанов. – Минерал ўғит ёки ёқилғини шартномада кўрсатилган муддатда олдик. Бу йилги терим аввалида ғўзанинг ривожи ва ҳолати “Мадад” гуруҳи мутахассислари томонидан доимий назорат қилинди. Албатта, манфаат бўлган жойда ишга ҳам муносабат ўзгаради. Бу йил “Қамаши  Яхши ният” пахтачилик кластери билан билан шартнома имзолаб, 16 гектар майдондан 40 центнердан пахта ҳосилини олдик.

“Ғалвирлар сувдан кўтариладиган пайт”да юқоридагидек саъй- ҳаракатлар ўз самарасини берди. Қамаши туманининг Қорабоғ, Тўқбой ва Ғиштли ҳудудлари биринчилардан бўлиб, пахта топшириш шартномавий режасини бажарди. Ортидан Л.Муҳаммадиев, Чимқўрғон, Чим ва Пахтаобод ҳудудлари ҳам бирин кетин контрактация шартномаларини уддасидан чиқди. Натижада туманда жорий йил 9 минг 455 гектар майдонда пахта мўл ҳосили етиштирилди.

– Манфаатдорликнинг ошиши фермерларнинг ерга бўлган меҳрини янада оширди, – дейди Қамаши тумани ҳокимининг ўринбосари Хабибулло Азизов. – Жорий йилда пахта ҳосилини етиштиришда фермерлар катта синовлардан ўтишди. Баҳор ойида қор ёғиши экилган чигитларни зарарлади ва қайта экиш ишлари олиб борилди. Шундай бўлишига қарамасдан табиат саховати ва қилинган меҳнат эвазига кўзланган маррага эришдик. 

Қамаши уста бободеҳқонлар юрти. Бугунги кунда ҳам бу эзгу анъананинг муносиб ворислари бўлган қамашилик фермер ва пахтакорлар жорий йилги ютуқлар сарҳисобидан мамнун бўлиб, эртанги кун истиқболи умидида улкан орзу-мақсадлар билан янги марралар сари интилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Қамаши туманида ғаллачилик ва пиллачиликда ҳам юқори натижаларга эришилди

Зафар муборак бўлсин азиз тумандошлар!