Фидойи. 46 йилдан буён директор вазифасида

Фидойи. 46 йилдан буён директор вазифасида

Агар бирор юмуш билан Қамаши шаҳрига борсангиз, замонавий услубда қурилган муҳташам иморат пештоқига битилган 6-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби деган лавҳага кўзингиз тушади. Менда эса мазкур даргоҳни 46 йилдан буён бошқариб келаётган Баҳриддин ака Олмуродов билан дилдан суҳбатлашгач, заҳматкаш ва фидойи муаллим ҳақида нимадир  ёзиш истаги туғилди.

Халқимизда  топиб айтилган бир нақл бор: “Дарахт бир жойда кўкаради.”  Дарҳақиқат, дунёда касблар кўп, лекин шундай инсонлар борки, ўзининг бутун умрини танлаган касбига бахшида этади. Битикларимиз сабабчиси Баҳриддин аканинг 46 йилдан буён узлуксиз  бир жойда, бир вазифада, яъни директорликда ишлаб келаётганлигини эшитиб, ростини айтсам, ҳайратим ошди.

… Азим Қашқадарёнинг ёнгинасида жойлашган Бойбўри қишлоғида яшовчи Олмурод бобо ва Ҳайитгул момоларнинг олти ўғил ва уч қизлари орасида Баҳриддин иккинчи ўғил эди.

Болаликдан шўх-шодон, тиришқоқ болакай тенгдошлари орасида ажралиб турарди. У етти ёшида қўшни Тўқбой қишлоғидаги мактабга борди. Ўқувчилик йилларидаёқ санъатга  меҳр қўйгани боис, мактабда ўтказилган турли тадбирларда фаол қатнашиб, қўшиқ айтар, бинойидай рубоб чалишни ҳам ўрганиб олганди. Бунда мактабда мусиқа фанидан сабоқ берган устозлари Эркин Авезов ва Қурбон Абдуллаевларнинг ҳиссси   бўлган, албатта.

Ёшликдаги  орзу-истакларнинг  қаноти бўлади. Баҳриддин мактабни аъло баҳога тугатиб, кўнглидаги ниятини амалга ошириш учун Тошкент маданият техникумига ўқишга кирди. Омадни қаранг, билим юртида ўнлаб ўлмас қўшиқлар муаллифи асли Қашқадарёнинг Муллақувват қишлоғидан бўлган бастакор Раҳматжон Турсуновга шогирд тушди ва бу устоз-шогирдлик анъанаси узоқ йиллар давом этди.

Билим юртини битирган Баҳриддин Қамаши туман маданият бўлими қошидаги “Бўстон” ашула ва рақс ансамблида мусиқачи бўлиб иш бошлади. Ўз даврида бу ансамблнинг довруғи юртимиздан ташқарида ҳам етиб борганди. Айниқса, “Қашқадарё кўпкариси” рақси саҳнада ўйналганда залдаги тамошабинлар ўринларидан туриб олқишлаганди.

Кўп ўтмай уни ҳарбий хизматга чақиришди. Йигитлик бурчини ўтгач,  у яна севимли касбига, қадрдон ишхонасига қайтди.

Кунларнинг бирида туман халқ таълими бўлими мудири Ўроз Туропов уни хузурига чақириб, шаҳарда мусиқа мактаби очиш масаласини бўйича  маслаҳатлашди ва бу даргоҳни ташкил этиш унга раҳбар бўлиш  чеки унинг зиммасига тушди. Вақтнинг, йилларнинг ўтишини қаранг, бунга ҳам нақ 46 йил бўлибди.

Шу орада Баҳридин билимини ошириш учун Тошкент Давлат Маданият институтининг “Хор дирижёрлиги” йўналишида сиртдан таҳсил олди. Бу даргоҳда яна севимли  устози Раҳматжон Турсунов гуруҳида сабоқ олди.

Ўтган йиллар давомида   Мусиқа ва санъат мактаби эса нафақат  ўқувчиларнинг балки, бутун туман зиёлилари ва санъатсеварларининг севимли масканига айланган эди десак, асло муболаға бўлмайди. Чунки туманимизда ҳар йили ташкил этиладиган санъат байрамларини ташкиллаштириш ишларини олиб бориб вилоят, республика миқёсидаги танловларда мактаб ўқувчиларининг қатнашишини таъминлашда албатта, директорнинг бош-қош бўлиши эса одатий ҳолга айланди.

Суҳбатимиз асносида  Баҳриддин ака  жамоасининг муваффақиятлари ҳақида фахрланиб сўзлади.

-Ҳар уч йилда ўтказиладиган Муҳриддин Қори Ёқубов номидаги танловда Санжар Сиддиқов, Мэлс Абдурасулов, Бахтигул Эсонова, Насиба Бўронова, Аббос Эшқобилов, Маҳлиё Ғуломова, Акмал Ҳусанов, Рамзиддин Тўраев, Азизбек Қаюмов каби ўқувчиларимиз, чанг, дутор, танбур, най, анъанавий хонандалик ва тасвирий санъат йўналишларида фахрли ўринларни олишган.  Айниқса, 2015 йил июль ойида Испания давлатининг Барселона шаҳрида ўтказилган “Денгиз қуёши” Халқаро болалар кўрик танловида ўқувчимиз Маржона Мейлиева дутор йўналишида  1-ўринни эгаллаб қайтгани ва у билан бирга синф ўқитувчиси Хуршида Тўрақулова билан борганимиз ҳеч эсимиздан чиқмайди.

2019 йил июнь ойида эса  Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган “Аква + ТЕПМ” деб номланган халқаро болалар ижодиёти фестивалида ўқувчимиз Самандар Нарзуллаев, Фаёза Хушмуродова анъанавий хонандалик ва тасвирий санъат йўналишида 1-ўринга лойиқ топилди. Ўтган йили пандимея даврида ҳам ўқувчиларимиздан 20 таси санъатнинг турли йўналишлари бўйича онлайин шаклида Москва шаҳрида бўлиб ўтган халқаро танловда фахрли ўринларни эгаллаб диплом ва сертификатлар билан тақдирланди.

Бундай ютуқларга эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг ортида тинимсиз изланиш, машаққатли меҳнат ётганлигини Алишер Суюнов, Моҳира Бобоқулова, Ғанишер Мусурмонов, Боймурод Тулаков, Асрор Бердиев, Хуршида Тўрақулова каби  ўқитувчиларнинг ўз касбига фидойилигини тан олмаслик мумкин эмас.

Илм даргоҳимизда бугунги кунда Қамаши шаҳри ва чекка қишлоқлардан санъатга меҳр қўйган 180 дан ортиқ ўғил-қизлар таълим олишмоқда. Ёшларга 30 дан ортиқ санъат соҳасининг малакали мутахассислари сабоқ бермоқда. Мактабда 10 дан ошиқ фортепиано, халқ чолғу асбоблари, эстрада хонандалиги, анъанавий хонандалик ва созандалик, дамли ва зарбли чолғулар, тасвирий санъат, хореография, торли чолғулар ва бахшичилик каби йўналишларда фаолият  олиб борилмоқда.

Баҳридин ака бироз тин олди. Мен у кишидан оиласи ҳақида сўрадим.

– Турмуш ўртоғим Қизларсора билан севишиб оила қурганмиз. Оиламиз тинч. Беш қиз ва бир ўғлимиз бор. Фарзандларимизнинг кўпчилиги олий маълумотли,  турли касб эгалари, барчаси оилали бўлиб кетишган.

Гурунгимиз якунида суҳбатдошимдан олган мукофотлари ҳақида сўрадим. Баҳриддин ака озгина унғайсизланиб,  қизарди.

– 2019 йилда бўлиб ўтган Олий Мажлис қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 127- Қамаши сайлов округи раиси бўлганман. Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов томонидан сайловни намунали ташқил этишга бош-қош бўлганим учун қимматбаҳо эсдалик совғаси, қўл соати билан тақдирлашувди, ҳозирча шу холос…

Нафақат вилоятда, балки республикада ҳам ўз ўрнига эга бўлган санъат даргоҳидан чиқар эканман, ҳовлидаги бир текисда экилган турли дов-дарахтларга қараб ҳаёлимдан бир фикр ўтди.

Халқимизда “Меҳнат қилган элда азиз” деган чиройли гап бор. Дарвоқе, камтарона меҳнати билан элимиз тилига тушганлар эса муносиб рағбатлантирилиши лозим. Кун келиб қарийиб ярим асрдан буён санъат даргоҳини бошқариб келаётган фидойи муаллим Баҳриддин Олмуродовнинг фаолиятида ҳам ўзининг исботини топишига ишонгим келди.

Ўролбой ҚОБИЛ