
ХОРИЖИЙ ФУҚAРОЛAР ВA ФУҚAРОЛИГИ БЎЛМAГAН ШAХСЛAРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКAСИ ҲУДУДИДA ВAҚТИНЧA БЎЛИШ ТAРТИБЛAРИ
Мамлакатимизда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ меҳнат, хизмат, таълим олиш, даволаниш, зиёрат, дам олиш мақсадида ҳамда инвестор, «фахрий фуқаро», ватандош, сайёҳ, ишбилармон, хусусий меҳмон сифатида ёки спорт, маданият йўналишида вақтинча бўлишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.09.2020 йилдаги 593-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тегишли равишда миллий паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати билан вақтинча рўйхат асосида яшайдилар. Вақтинча рўйхатга олиш чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасига кириб келганларидан кейин уч иш куни (байрам ва дам олиш кунларидан ташқари) давомида уларни таклиф қилган (қабул қилаётган) ва уларга турар жой берган жисмоний шахслар, хусусий уй-жой эгалари, ташкилотларнинг ётоқхоналари маъмурияти, жойлаштириш воситалари ёки даволаш муассасалари томонидан «Е-меҳмон» дастури орқали ёки ҳудудий Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат қилган ҳолда амалга оширилади.
Вақтинча рўйхатга олинишнинг муддати чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси назорат-ўтказиш пункти орқали кириб келган санадан кейинги куннинг 00:01 соатидан бошлаб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ва бошқа чет давлатлар ўртасида тузилган халқаро шартномаларда назарда тутилган хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш тартиби мазкур шартномаларда қайд этилган талабларга мувофиқ белгиланади.
Жумладан, 2000 йил 7 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги “Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиш шартлари тўғрисида”ги битим талаблари асосида томонлар давлатларининг миллий паспортга эга бўлган фуқаролари бошқа томон давлати ҳудудига 5 (беш) суткага қадар рўйхатга олинмаган (вақтинчалик рўйхатдан ўтмаган) ҳолда киришлари ва унда бўлишлари белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 апрел кунидаги “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-213-сон қарори билан 2021 йил 10 июнь куни Душанбе шаҳрида имзоланган “2018 йил 9 мартда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги Битимга қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Баённома тасдиқланган. Ушбу баённомада икки мамлакат фуқаролари учун давлат чегарасини кесиб ўтган пайтдан бошлаб 10 (ўн) кун давомида ўзлари бўлиб турган давлатнинг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш ва вақтинча рўйхатга қўйиш мажбуриятидан озод этилиши белгиланган.
Бундан ташқари, Россия Федерацияси томонидан 2021 йил 17 июнда Тошкент шаҳрида ҳамда 2021 йил 21 майда Москва шаҳрида имзоланган, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудига ва Россия Федерацияси фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлишлари тартиби тўғрисидаги Битим кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб таомилларини амалга ошириш жараёни якунига етганлиги, мазкур ҳужжатга мувофиқ ушбу шартнома кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедуралари томонлар тарафидан бажарилганлиги тўғрисида охирги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали қабул қилинган санадан, яъни 2022 йил 4 июндан эътиборан кучга кирганлиги муносабати билан икки мамлакат фуқаролари учун давлат чегарасини кесиб ўтган пайтдан бошлаб, 15 (ўн беш) кун давомида ўзлари бўлиб турган давлатнинг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш ва вақтинча рўйхатга қўйиш мажбуриятидан озод этилган.
Муҳаммадали Авлаев Қамаши тумани ИИБ МваФРБ инспектори, катта сержант.