
«Чангак» маҳалласидаги осма кўприк маҳаллий бюджет ҳисобидан таъмирланади

“Қамашиликлар кўприк таъмирталаб аҳволга келиб қолганини айтмоқда” сарлавҳаси билан Nasafnews.uz телеграм каналида эълон қилинган мурожаат юзасидан муносабат
Nasafnews.uz каналида Қамаши тумани “Чангак” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг ҳудудда жойлашган осма кўприкни таъмирлаш масаласи эълон қилинган. Унда айтилишича, дарёнинг у қирғоғидан бу қирғоғига ўтишда маҳаллий аҳоли ва мактаб ўқувчилари қийнчиликларга учрамоқда.

Ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида туман ҳокимлигининг қурилиш ишлари бўйича бош мутахассиси Шуҳрат Эшмаматов, “Чангак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари Туйғун Хўжамқулов иштирокида қишлоқ аҳолиси билан суҳбат ўтказилди.
Маълум бўлишича, ушбу осма кўприк 1985 йилда қурилган. Сел келиши оқибатида бир неча маротаба таъмирталаб аҳволга тушиб қолган. Йиллар давомида маҳаллий аҳоли томонидан таъмирлаш ишлари амалга оширилиб келинади. Бугунги кунда кўприкдан Оқдахана қишлоғининг 65 та хонадонидаги 350 нафарга яқин фуқаролари фойдаланиб келмоқда.
Ўрганиш мақсадида дарёнинг бу томонидан у томонига ўтиб кўрдик. 90-100 метр масофадаги кўприк ўтиш вақтида доимий тебраниб туради. Ушлаш учун 80-90 см баландликда сим тўрдан фойдаланиш мумкин.
Маҳаллий аҳоли осма кўприкда лойиҳа асосида таъмирлаш ишлари олиб борилишини исташаётганлигини айтишди.
– Мазкур кўприкни манзилий дастурга киритиш лозим эмас, – дейди Ш.Эшмаматов. Туман ҳокимлиги имкониятидан келиб чикиб, сифатли таъмирлаш ишлари олиб борилиши мумкин. Осма кўприкнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёраш учун махсус кўприк курувчи ташкилотларга мурожаат қиламиз. Улар осма кўприк ҳолатини тўлиқ ўрганиб чиққандан сўнг, қанча маблағ кераклиги маълум бўлади. Шундан сўнг масала туман Кенгаши сессияда кўриб чиқилгач, аниқ муддат белгиланади.

