Электр таъминотида нега узилишлар кузатилаяпти?

Электр таъминотида нега узилишлар кузатилаяпти?

Қамаши туман ҳокими Ботир Тоғаев тегишли туман ташкилот раҳбарлари иштирокида фуқаролар қабулини ўтказди. Унда фуқаролар томонидан электр таъминоти, суюлтирилган газ ва кўмир масаласида мурожаатлар тингланди.

-Ҳаво ҳароратининг тушиб кетиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб кескин равишда ошди, – дейди Қамаши туман электр таъминоти раҳбари Н.Жонтемиров. Сўнгги уч кунда бутун туманимиз бўйлаб узилишилар кузатилди. Бунга электр истеъмолининг ишлаб чиқаришдан ошиб кетганлиги сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республика Энергетика вазирлиги томонидан истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришни ошириш масаласи кўриб чиқилаётганлиги айтилди.

Қабулда суюлтирилган газ масаласи ҳам кўтарилди.

-Суюлтирилган газ баллонлар вақтида етиб келмайди, – дея мурожаат қилишди фуқаролар.

-Суюлтирилган газ баллонлар 45 кунда фуқаролар хонадонига етиб бориши керак, – дейди туман газ таъминоти корхонаси раҳбари Э.Ҳайитов. Бир хонадонда икки-уч истеъмолчининг бўлиши натижасида муддат узаймоқда. Суюлтирилган газни аҳоли хонадонларига тез ва сифатли етказилиши учун пластик карта, яъни ID карталар қўлланилаяпти. Натижада, ҳар бир хонадон учун бир дона газ баллон берилади ва етказиб бериш кунлари қисқаради.

Туман ҳокими қиш мавсуми давомида маҳаллаларда кўчма кўмир дўконлари ташкил қилиниши бўйича топшириқ берди.

-Аҳоли талабларига кўра кўмир маҳсулоти етказиб берамиз, – дейди «Ўзбеккўмир» АО Қашқадарё ҳудудий кўмир унитар корхонасининг Қамаши кўмир шахобчаси раҳбари Н.Усмонов. Бугунги кунда захирамизда Қозоғистон кўмири ва брикет мавжуд.