Эътиборсизлик – вақти келиб катта муаммоларга сабаб бўлади

Эътиборсизлик – вақти келиб катта муаммоларга сабаб бўлади

Kun.uz сайтида эълон қилинган “Қамашидаги бозорда чироқ нега узиб қўйиляпти? «Движок» ёқиб ўтирган тадбиркорларнинг додини ким эшитади?” номли суриштирувга муносабат.

Тадбиркорлар учун барча шароитларни қилиб бериш долзарб бўлган бир даврда, бу каби ҳолатларнинг бўлиши ачинарли. Нега тадбиркорлар қарздорлиги бўлмасада электр билан таъминланмаяпти?

Ушбу саволларга жавоб топиш ва тадбиркорларнинг муаммоларини хал қилиш мақсадида Қамаши тумани Халқ қабулхонасида масъуллар иштирокида суҳбат ўтказилди.

Тадбиркорларни буткул электр таъминотисиз қолдириш, аҳолимиз учун ҳам бир қатор қийинчиликлар туғдиради, – дейди туман Халқ қабулхонаси мудири Ш. Амантурдиев. Бу ҳолатнинг зудлик билан ечимини топиш ва бозор ҳудудидаги тадбиркорларни электр билан таъминлаш муҳим.

Маълум бўлишича, Қамаши “Файз” дехқон, озиқ-овқат бозорига туман электр таъминоти билан тузилган 320014-сонли шартномага асосан электр энергияси етказиб берилади.  Бозор ҳудудида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар бозор маъмурияти билан ўзаро шартномага асосан фойдаланилган электр энергияси учун тўлов амалга оширади. 2020 йил 15 декабрь холатида Қамаши “Файз” деҳқон озиқ-овқат бозор маъмуриятининг электр энергиясидан қарздорлиги 9 663 747 сўмни ташкил қилади. Шу сабабли бозор маъмурияти тармоқдан ўчирилган.

Агар тадбиркор вақтида фойдаланган элект энергияси учун тўловларни амалга ошираётган бўлса, қарздорлик қаердан келиб чиқмоқда деган ҳақли савол пайдо бўлади.

Қамаши “Файз” деҳқон озиқ-овқат бозори раҳбари А. Алламуродовнинг маълум қилишича, мавжуд қарздорлик кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Бир неча йиллар давомида электр энергиясининг йўқотишлари ва қарздорликка пеня ҳисобланиши натижасида келиб чиққан. Бу ҳолатга бозор маъмуриятининг эътиборсизлиги ҳам сабаб бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга кўра юридик ташкилотларга фақат олдиндан тўлов асосида электр энергияси етказиб берилади.

 

Туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Н.Жонтемировнинг айтишича, бозор ҳудудидаги нимстанцияга ҳисоблагич ўрнатилган. Ўша ҳисоблагич бўйича бозорнинг 2020 йил 15 декабрь ҳолатида 9 663 747 сўм қарзи бор. Бозор маъмурияти шартномада кўзда тутилган шартларни бажармаяпти ва қарзларни ўз вақтида тўламаяпти. Бу эса бозор ҳудудида жойлашган нимстанцияга электр энергияси узатишда чекловлар ўрнатилишига сабаб бўлмоқда.

Демак, қарздорлик бартараф қилинмас экан, бозор ҳудудига электр энергияси бериш қонунбузарлик ҳисобланади.

Бозор раҳбари А.Алламуродов 2020 йил 21 декабрь кунига қадар барча қарздорликни бартараф қилишини билдирди. Ундан кафолат хати олинди ва тадбиркорларга электр энергияси етказиб бериладиган бўлди.

2021 йил 1 январдан “Файз” деҳқон, озиқ-овқат бозоридаги нимстанция туман ҳокими фармойишига кўра Қамаши туман электр таъминоти корхонаси балансига ўтказилади.

Шунингдек, бозорнинг ёзда чанг, қишда лой эканлиги тўғрисида фотосуратлар акс эттирилган. Бу ҳолат Қамаши “Файз” деҳқон бозорида бир неча йиллардан буён тадбиркорлар ва аҳолига қийинчилик туғдириб келади.

Қамаши туманида  лойиҳа қиймати 46млрд. сўмлик деҳқон-озиқ овқат бозори Оқгузар массивида қурилаяпти, – дейди туман ҳокимнинг ўринбосари Қ.Ҳайдаров. Умумий ер майдони 7,5 гектар бўлган бозорда тадбиркорлар ва аҳоли учун барча шароитлар ҳозирланмоқда. Ҳозирги кунда бозор қурилиш ишлари давом этмоқда. Янги бозор ишга тушгач, эскиси бузиладими, деган савол тадбиркорларимизни ўйлантираётган жумбоқ ҳисобланади. Ҳозирча ушбу бозорнинг кейинги тақдири ҳақида аниқ тўхтамга келингани йўқ.

Суҳбатда Бош вазир қабулхонаси мудири А. Саидов ҳам иштирок этди.   

Хулоса шуки, вазиятга эътиборсизлик билан ёндошув вақти келиб катта муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Қамаши тумани ҳокимлиги ахборот хизмати