
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Қамаши туман ҳокими Ботир Нормаҳмадович Тоғаевнинг табриги
Азиз устозлар! Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар! Аввало, барчангизни қутлуғ сана – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан самимий муборакбод этаман.
Дунёда шундай касб эгалари борки, улар ёш авлодга ўз билим ва тажрибасини беришда фидойилик қила оладиган олийжаноб инсонлар – ўқитувчилардир. Биз ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга ўқитувчилар таълим-тарбия беришган. Халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган ибора бор.
Кимки, бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида таълим берган устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмати абадий муҳрланиб қолади. Шунинг учун ҳам бугун ўқитувчидан таълим ва тарбия олган, ўзини олдингизда умрбод қарздор деб ҳис этадиган барча инсонлар номидан Сизларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсак шунча оз.
Ҳаёт бор экан, ўқитувчи касби ўзининг маъно-мазмуни ва олийжаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг: “Сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир” деган сўзлари фикримизнинг яққол тасдиғидир. Биз қутлуғ шу айёмни кенг нишонлар эканмиз, Сизларнинг ёш авлодга билим беришдек мураккаб, аммо шарафли меҳнатингиз учун барчамиз самимий миннатдорчилик билдиришни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз деб биламиз.
Қадрли устоз ва мураббийлар! Мамлакатимизда мустақиллик йилларида мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришишимизда Сиз азиз устозларимизнинг хизматлари беқиёс. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони соҳада туб бурилишлар даврини бошлаб берди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Сўнгги 4 йилда замон талаби ва халқимизнинг хоҳиш – иродасидан келиб чиққан ҳолда, умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик тизим жорий этилди. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари оптималлаштирилди. Мактабгача таълим ва умумий ўрта таълимда нодавлат таълим хизмати кўрсатиш йўлга қўйилди.
Жумладан, бугунги кунда туманимизда 194 та мактабгача таълим ташкилотлари бўлиб, жами мактабгача ёшдаги болаларнинг 44 фоизи боғчаларга қамраб олинди. Шулардан, 23 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари, 6 та давлат хусусий шерикчилиги асосидадаги ва 160 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият олиб бормоқда.
Туман халқ таълими бўлимига қарашли 95 та умумий ўрта таълим мактаблари ва 1 та Баркамол авлод болалар марказида жами 52 минг 411 нафар ўқувчига 4 минг 623 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бериб келмоқда. Шундан, олий тоифали 115 нафар, биринчи тоифали 341 нафар, иккинчи тоифали 837 нафар ва 3 минг 221 нафар мутахассис ўқитувчилар фаолият кўрсатишмоқда. Шунингдек, туманимизда ёшларимизнинг спорт ва санъат соҳасидаги истеъдодларини руёбга чиқаришда фидойилик қилаётган спорт мактаби, Болалар мусиқа ва санъат мактаби муаллимлари жамоасининг ҳамда касб-ҳунар мактаблари ва коллеж ўқитувчиларининг меҳнатлари беқиёсдир.
Азиз юртдошлар! Биз барпо этаётган Янги Ўзбекистон давлатининг асосий мақсади дунёдаги тараққий топган давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт қуришдан иборат. Ана шу вазифани сидқидилдан уддалай оладиган билимли, истеъдодли ва ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлодни тарбиялаш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада Сиз фидойи ўқитувчи ва мураббийларнинг заҳматли меҳнатингиз ҳар қанча мақтовга лойиқ. Бугунги байрамга фарзандларимизга таълим-тарбия беришда алоҳида ибрат кўрсатган туманимиздаги пешқадам касб соҳиблариниг ҳар бирининг шарафли меҳнатларини мамнуният билан эътироф этиб, касб байрамлари билан чин дилдан қутлаймиз.
Ҳурматли устозлар! Сизларнинг бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғуларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз. Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз бўлган азиз фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ.
Фарзандларимиз чеҳрасидаги кулгу – бу тинчликнинг нишонаси. Озод диёримиздаги мана шу осуда, фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин. Сиз ҳар куни азиз болажонларингиз ва ўқувчиларингиз ҳузурига ёруғ юз, ишонч ва табассум билан кириб боринг! Яна бир бор муҳтарам Президентимизнинг Сиз азизларга “Жамиятимизда боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ижодий зиёлиларни бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни деб эътироф этаман” деган ишонч ва эътиборини оқлашда Сизга куч-қувват, мустаҳкам ирода ҳамда сиҳат-саломатлик тилайман. Сизга ва Сиз орқали оила аъзоларингизга бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик – хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Айёмингиз муборак бўлсин!