
Қамаши тумани ИИБ бошлиғи Нодирбек Рахимовнинг туман фуқароларига мурожаати
Хабарингиз бор, яқинда ҳурматли Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташриф буюрдилар.Ташриф давомида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг вилоятимиздаги натижадорлиги билан яқиндан танишиб, Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказдилар.
Ушбу йиғилишда берилган топшириқлардан келиб чиққан ҳолда, биз, сектор раҳбарлари ҳам ўз олдимизга келгусида турган вазифаларни яна бир бор белгилаб, аниқлик киритиб олдик.
Сизларга ушбу вазифа ҳамда режаларимиз тўғрисида маълумот бериб ўтмоқчиман.
Сабаби, олдимизга қўйган марраларни забт этишда сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз, бир ёқадан бош чиқариб, барчамиз ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.
Ҳурматли тумандошлар!
3-сектор ҳудудидаги 13 та маҳаллада 12 417 та хонадон, 16 002 та оила мавжуд бўлиб, шундан 4133 та оила кам даромадли оила ҳисобланади.
Ҳисоб-китобларга кўра, секторда камбағаллик даражаси 25,8 фоизни ташкил этади. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 18,4 фоизга туширишни режа қилиб олганман. Бунинг учун, энг аввало аҳолини даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлашимиз керак.
Ҳозирда секторим ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли 65 919 нафарни ташкил қилади, Агарда буни тахлил киладиган бўлсак, шундан меҳнатга лаёқатлилар сони 34 802 нафарни, иқтисодий фаол аҳоли эса қарийб 25 124 нафарни ташкил этади. Улардан 22 746 нафари иш билан банд бўлганлар ҳисобланади.
Йил бошида ишсизлар сони 2 378 нафарни, ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этган эди. Яратиб берилган имконият ва дастаклардан фойдаланиб, ўтган 10 ойда 1560 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.
Жумладан, Инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 138 нафар, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 466 нафар, қишлоқ хўжалиги йўналишида 936 нафар,қурилиш ва коммунал соҳасида 20 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.
Айниқса, бу ишларни ташкил этишда 13 та маҳалладаги “бешлик”нинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Улар уйма-уй юриб, аҳолининг ишга жойлашиш, тадбиркорликни бошлаш, касб-ҳунарга ўқиш каби ҳоҳиш истакларини аниқлаб, шу асосида ишларини ташкил этишмоқда.
Бугунги кунда секторда ишсизлар сони 818 нафарни ташкил этиб, ишсизлик даражаси 9,4 фоиздан 3,3 фоизга туширилди.
Ҳозир биз қолган 818 нафар ишсизларнинг манзилли рўйхати, касби, мутахассислиги, ёши ва истаклари бўйича маълумотларни шакллантириб олдик.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Якунига етаётган “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да туманимизда таълим соҳасида ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолимизни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан 3-7 ёшгача бўлган фарзандларимизни мактабгача таълим қамров даражасини 2344 нафарни бу эса, 37,4 фоизни ташкил қилмоқда. Йил якунига қадар мактабгача таълим қамров даражасини купайтириш орқали, иш кўрсатгич даражаси 43 фоизга етказилади.
Мисол учун 3-сектор ҳудудида жойлашган “Жонбўз” маҳалласида шу вақтга қадар давлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд эмас эди. Дастур доирасида жорий йилда 150 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди.
Бундан ташқари жорий ўқув йилида 24 та умумий ўрта таълим мактабларини 919 нафар битирувчилар тамомлади. Уларнинг 252 нафари таълимнинг кейинги босқичи билан қамраб олиниб, қолган 667 нафари меҳнат бозорига кириб келди. Ҳисоб китобимга кўра, йил якунига қадар ва келгуси йилда яна 818 ишсизларни бандлигини таъминлаш ва қарийб 1320 та оилаларни камбағалликдан чиқариш вазифаси турибди.
Шу боис, келгуси йилда Қамаши тумани 3-сектор худудини ишсиз худудга айлантириш тамойили асосида режали ишларни ташкил қилиб, барча бандлиги таъминланмаган фуқароларни бандлиги таъминлаш чораси кўрилади.
Чунки туманимизда уларни тўлиқ даромадли меҳнат билан таъминлаш учун имкониятларимиз етарли. Жумладан,
- “20 минг тадбиркор – 500 малакали мутахассис дастури” доирасида тадбиркорларга имтиёзлар берилиши ҳисобига яратиладиган янги иш ўринларига 537 нафар ишсизлар ишга жойлаштирилади;
- Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар ҳисобига 661 нафар аҳолининг бандлиги таъминланади;
- Аҳолини тадбиркорлик ва ўзи банд қилишга жалб қилиш учун субсидия асосида меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар олиб берилиб, шунингдек бошқа кўмаклар кўрсатилиб 133 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланади.
- Инвестиция дастури доирасида янги лойиҳаларга 868 нафар фуқаролар банд қилинади.
- Маҳаллаларда кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш микролойиҳаларини ишга тушириш, шунингдек мавжуд корхоналарда иш ўринларини кенгайтириш ҳисобига 422 нафар ҳамда янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш ҳисобига 733 нафар аҳоли банд қилинади.
- Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, жумладан юқори даромадли касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳисобига 180 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.
Инвестиция соҳасида 3-сектор ҳудудида мисол учун; «Қамаши Олтин бошоқ агрокластер» МЧЖ томонидан қиймати 916 минг доллар маблағ ҳисобига “Ун заводи ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилди. Натижада, йилига 8,0 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 68 та янги иш ўринлари яратилди.
3-секторнинг асосий драйвери ҳисобланган савдо хизматларини ривожлантириш мақсадида қиймати 9,1 млрд. сўмлик 5 та саноат лойиҳалари ташкил қилинади ва 24 та иш ўринлари яратилади.
Буни ҳисобига йилига 1,9 млрд. сўм хизмат кўрсатиш ҳажми ошиши ҳамда бюджетга қўшимча 77,5 млн. сўм солиқ тушум тушиши таъминланади.
Жорий йилда 3-сектор худудидаги корхоналар томонидан жами 11,3 млн. долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилади ва 2022 йилга нисбатан 1,1 баробарга ўсишга эришамиз.
Жорий йилнинг ўтган 01 ноябрь ҳолатига 3-сектор бўйича 4,2 млн. долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Менинг секторимдаги 13 та маҳаллаларда 18 328 нафар ёшлар истиқомат қилади. Жорий йилда 272 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, уларнинг 133 нафарига ёки 49 фоизига амалий ёрдам кўрсатилиб, дафтардан чиқарилган. Жумладан Ўртадара МФЙ да яшовчи 1 гуруҳ ногирони Файзуллаев Турғунни жарроҳлик амалиёти учун 5 000 000 (беш миллион) сўм миқдорда даволаниш харажатлари қоплаб берилди.
Жорий йилда 1491 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилиб, уларнинг 1416 нафарига ёки 95 фоизига амалий ёрдам кўрсатилиб, дафтардан чиқарилган. Хотин – қизларнинг 1 158 нафарига 1,3 млрд. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Яна бир долзарб масалага тўхталиб ўтсам,
Ҳаммамизга маълум ҳуқуқбузарлик ёки жиноятчилик асосан, билим ва кўникмага эга бўлмаслик, қонунларни билмаслик ҳамда унга итоат қилмасликдан келиб чиқади. Шундай экан мен жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни содир этилишини олдини олишда биринчи навбатда фуқароларни ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ўз-ўзини банд қилишни тўғри деб белгиладим.
Маҳалладаги фуқароларни бандлигини уларни ҳуқуқий саводхонлигини таъминласак маҳалла ва оилада хеч қандай ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир бўлмайди.
Ҳозирги кунда туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида “Йўл харита” ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар-бир идоранинг аниқ ва муддатли вазифалари белгиланди.
Маҳалла “бешлиги” томонидан маҳаллалардаги хонадон ва фуқаролар кесимида ҳуқуқбузарлик содир қилишга мойил ва жиноятдан жабрланиши эҳтимоли бўлган 14 тоифадаги шахслар ажратиб олинди.
Жиноятчиликка қарши кураш борасида асосий эътибор “ижтимоий профилактика”га қаратилиб, 1591 нафар фуқароларни рўйхати шакллантирилди. Шунингдек уларга “маҳалла бешлиги” ва бошқа масъуллар номма – ном бириктирилиб, оғир ва ўта оғир жиноятлар энг кўп содир этилган 7 та маҳаллаларга прокуратура, ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари номма – ном бириктирилди.
Бунга кўра, жорий йилнинг 10 ойи давомида Қамаши туман ҳудудида 223 та (2022 й.да 228 та) жиноят қайд этилган бўлса, ушбу жиноятлардан 75 таси ёки 33,6 фоизи ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларнинг ташаббуслари билан аниқланган ҳамда 30 таси ёки 23 фоизи эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган.
Шунингдек туманда маҳаллабай ишлаш тизими бўйича ташкил этилган профилактик тадбирлар натижасида 2023 йил 10 ойида 60 та маҳаллаларнинг 22 таси ёки 37 фоизида криминоген вазият барқарорлиги таъминланди. Шундан, 7 тасида (12 %) жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмаган бўлса, 15 тасида (25 %) жиноятлар камайишига эришилди.
Жиноят турларидан ўғрилик 12,5 фоизга, безорилик – 20 фоизга, ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаси –33,3 фоизга камайишга эришилди.
Шунингдек жорий йилнинг 10 ойида содир этилган жами жиноятларнинг 96 фоизи фош этилди.
Бундан ташкари туманда тезкор ва профилактик тадбирларни ўз вактида олиб борилиши натижасида 19 нафар қидирувдаги шахслар ушланиб, жазо муқаррарлиги таъминланган бўлса, 171 та оилавий низолар бартараф этилиб, 232 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилди.
Ҳозирги кунда туман сектор раҳбарлари билан биргаликда йил якунига қадар қизил тоифадаги маҳаллаларни сариқ тоифага, сариқ тоифадаги маҳаллаларни яшил тоифага ўтказиш чораларини кўрамиз. Шунингдек келгуси йилда, жиноятчиликни жиловлаш ва унга қарши курашиш, кременоген вазиятни баркарорлаштириш борасида ижтимоий профилактикани кучайтириш орқали, ижобий натижаларга эришамиз.
Шу боис, жиноятчиликка қарши курашиш нафақат ички ишлар ва прокуратура органларининг вазифаси, балки умуман жамоатчилик вазифасига айланиши лозим. Президентимизнинг Фарғона вилоятига амалга оширган ташрифидан сўнг, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилиб, унда маҳалла бешлигининг асосий вазифалари белгилаб берилган. Юқоридагиларга кўра, бугундан бошлаб, Сизлар билан биргаликда асосий эътибор жиноят оқибати билан курашиш эмас, балки унинг содир этилишига шароит яратиб бераётган омилларни бартараф этишга қаратишимиз лозим.
Жиноят содир этилганлиги тўғрисидаги мурожаат ва хабарларни кутиб ўтирмасдан, жойларда халқ билан мунтазам мулоқот асосида унинг олдини олиниши кундалик ишимизга айланиши лозим.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Бу марраларни Сиз фаолларни тажрибангиз, малака ва салоҳиятингизга, ҳурматли депутатларимизнинг кўмаги ва қўллаб-қувватлашингизга суянган ҳолда албатта забт этамиз.
Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек: Мустаҳкам ирода, темир интизом, юксак масъулият, талабчанлик ва фидойилик доимий ҳамроҳимиз бўлиши лозим.
Энг асосийси, бугун кундалик ишимизнинг асосий мазмунига айланган “Халқни рози қилиш” деган улуғ мақсадга эришиш ҳамда “Инсон қадри учун” тамойилини одамларимиз ўз ҳаётида ҳис этишлари учун барча чораларни кўрамиз. Кириб келаётган 2024 йилни ҳам халқимиз катта режалар билан қаршиламоқда. Демакки, бу йилимизнинг ҳам эзгулик, яхшилик, бунёдкорлик ва фаровонлик йили бўлишига чин дилдан ишонамиз. Ҳар бирингизнинг оилангизда тўкинлик ва фаровонлик, тинчлик ва омонлик, сиҳат ва саломатлик бўлсин, барча эзгу ниятларимиз ижобат бўлишини, яратганнинг ўзи юртимизни турли бало-қазолардан асрашини, бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик бизни доимо бирлаштириб туришини сўраб қоламан.
Нодирбек Рахимов, Қамаши тумани ИИБ бошлиғи