
Қамаши тумани прокурори Бахриддин Баҳодировнинг туман фуқароларига мурожаати
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда ҳудудларни секторларга бўлган ҳолда ишни ташкил этиш тизимининг жорий этилганлиги халқ билан манзилли мулоқотнинг йўлга қўйилишига имкон яратди.
Қамаши тумани 2-сектор худудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2023 йил 10 ойи давомида бажарилган ишлар ва йил якунига қадар амалга оширилиши режалаштирилган ишларга тўхталиб ўтаман. 2-секторда 14 та маҳалла, 11 887 та хонадон ва 15 700 та оила мавжуд бўлиб, уларда 67 788 нафар аҳоли яшайди.
Давлатимиз раҳбарининг 24-25-октябрь кунлари вилоятимизга ташрифлари давомида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсиз аҳолини бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш ҳисобига ташқи миграцияни камайтириш, айнан маҳаллада жиноятларни жиловлаш, аҳолининг мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни тизимли ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.
Қамаши туман 2-сектор раҳбари сифатида берилган топшириқлар ижросини тўлақонли бажариш мақсадида, сектор худудида қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ҳамда туман худудида жиноятчиликни жиловлаш бўйича йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифаларни белгилаб олдим.
Ҳурматли тумандошлар!
Жорий йилда 2-секторда ҳам кўпгина кўрсаткичлар бўйича яхши натижаларга эришилди. Жумладан, сектор бўйича 7 минг 743 нафар аҳоли доимий, вақтинчалик ва мавсумий ишларга банд қилинган. Меҳнат ресуруслари 34 минг 564 нафарни, иқтисодий фаол аҳоли 24 минг 956 нафарни, ишсизлар сони 2 минг 347 нафарни ташкил этади. 2024 йил якуни билан 2-секторда ишсизлар 1 минг 200 нафарга камайтирилиб, ишсизлик даражасини 5 фоизга тушириш режалаштирилган.
53,3 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари, 16,1 млрд сўмлик халқ истеъмоли моллари, 32,1 млрд сўмлик капитал қурилиш ишлари амалга оширилган. Шунингдек, инвестиция соҳасида 9 та лойиҳа асосида 12 млн 750 минг сўмлик 65 та кичик бизнес субъектлари, оилавий тадбиркорлик учун 401 нафар кичик тадбиркорга 8,2 млрд сўм кредит ажратилган. 209 нафар фуқарога эса 0,9 млрд сўмлик субсидия ажратилди. Инвестиция лойиҳалари асосида 2 та саноат лойиҳаси бўйича 4 та, 5 та хизмат кўрсатиш лойиҳаси асосида 17 та иш ўринлари яратилди.
Аммо айтиш жоизки, туманимиз имкониятлари янада катта. Агар мавжуд табиий ресурсларимизни ҳисобга оладиган бўлсак, юқоридаги кўрсаткичларни 2 баробарга оширишимиз мумкин. Ана шу имкониятларни ишга солган ҳолда йил якунига қадар саноатни 116 фоизга, хизмат хажмини 120 фоизга, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция 110 фоизга, қишлоқ хўжалигини 104 фоизга, экспортни 107 фоизга, бюджет тушумини 120 фоизга оширишга ва ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олганмиз.
2-сектор ҳудудида жойлашган Кўкбулоқ маҳалласида 49,8 минг тонна гипс хомашё заҳираси мавжуд. Бугунги кунда Озарбайжонлик инвесторлар томонидан гипс хомашёсидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш чоралари кўрилмоқда. Геология разведка ишлари олиб борилган, ТЕО ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Келгусида лойиҳа қиймати 20 миллион доллар бўлган қуввати йилига 150 минг тонна гипс ишлаб чиқариш ташкил этилади. Натижада 80 та янги иш ўрни ва бюджетга қўшимча 5 млрд сўм маблағлар жалб этилади.
Секторнинг географик жойлашуви, ресурс ва имкониятлари ҳамда мавжуд инфратузилмани инобатга олган ҳолда ишни биринчи галда, 14 та маҳаллани ихтиссослиги бўйича 4 та – туризм, саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис, қишлоқ хўжалиги йўналишларга ажратиб олдик.
Ҳурматли тумандошлар!
Халқаро (М39 ва А378) автомобил йўлларининг 50 кмга яқин қисми туман ҳудудидан ўтган, кунлик транспорт оқими 40 мингга яқин бўлган йўл бўйидаги – 4 та (Баландчайла, Қовчин, Қорабоғ ва Қуйи янги) маҳаллаларда – хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини ташкил этиш орқали – 200 дан ортиқ иш ўринлари ва шунингдек, қишлоқ хўжалиги йўналишида (Тўқбой, Одоқжонбўз, Баландчайла, Қовчин, Қуйи Янги, Қорабоғ маҳаллаларида яшовчи аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликларида сабзовот ва полизчилик, картошкачилик, лимончилик, узумчилик, боғдорчилик, чорвачилик ва паррандачиликни ташкил этиш орқали) – 15 мингга яқин аҳоли даромадини ошириш ва 1800 га яқин иш ўринларини яратиш мумкин.
Мисол учун, Одоқжонбўз маҳалласида “Нурманова Хуршида” Ф/Х 18 гектар ер майдонининг 10 гектарида карам, 5 гектар пиёз ва 3 гектарида помидор етиштирмоқда. Брокколи экспортга мўлжалланган. 10 гектардан 150 тонна ҳосил олиб, 150 минг доллар экспорт қилиш имкони мавжуд.
Қамаши тумани 2-сектор ҳудудида яшовчи бошқа давлатларга чиқиб кетган аҳоли 2651 нафарни ташкил этади. Шундан, 2568 нафари ишлаш мақсадида, 16 нафар ўқиш мақсадида,67 нафар бошқа мақсадда чиқиб кетган. 728 нафар қайтган бўлиб, уларнинг бандлиги таъминланган. Жумладан, 12 нафар яратилган янги иш ўринларига жойлаштириш орқали, 9 нафари жамоат ишларига жалб қилиш орқали, 690 нафари ўзини ўзи банд қилиш орқали, 17 нафари касбга ўқитишга йўналтириш орқали бандлиги таъминланди.
Ҳурматли маҳалла фаоллари!
“Темир дафтар” бўйича 2-секторда ҳозирги кунда 42 та эҳтиёжманд оилалар қолган бўлиб, уларнинг 106 нафар оила аъзоларининг 44 нафари ногирон ва 62 нафари вояга етмаганларни ташкил этади. Уларнинг ижтимоий масалалари ҳал қилиниб, доимий равишда ёрдам кўрсатиб келинмоқда
“Ёшлар дафтари”га киритилган 440 нафар ёшларнинг 240 нафарининг муаммолари ижобий хал этилиб, дафтардан чиқарилган бўлса, йил якунига қадар қолган 200 нафарига ёрдам кўрсатилади.
Сектордаги “Аёллар дафтари”га киритилган жами 1656 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, моддий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилди.
Ички йўлларни тартибга келтириш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, сектордаги 14 та маҳаллаларида мавжуд бўлган тупроқ ва лой йўлларни ҳомийлик ёрдами билан 16 км қисмига қум-шағал аралашмаси ётқизилди. Дастурларга асосан 8 км. ички йўллар асфалтьлаштирилди.
Аҳоли ва ижтимоий объектларда электр таъминотини яхшилаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, жорий йилда 12 та янги трансформатор (Самарқанд, Тўқбой, Бердоли, Бойбўри, Одоқжонбўз, Қуйи Янги ва Улуғбек МФЙ) 149 та темир бетон устун, 2,5 км электр сим тортилиши, 18 та трансформаторлар жорий ва тўлиқ таъмирланди. Жорий йилнинг якунига қадар Ўзбекистон ва Баландчайла маҳаллаларига жами 2 та трансформатор ўрнатилади. Йил якунига қадар 2 та маҳаллада 1,2 км. электр ҳаво тармоғи (кабел) тортилиши таъминаланади.
Ҳурматли тумандошлар!
Бугунги кунда секторда 22 та умумтаълим мактаблари ва 7 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларда 12 776 нафар ўқувчилар ва 3461 нафар тарбияланувчи таълим олмоқда.
2 секторда боғча ёшидагилар 6643 нафарни ташкил этиб қамров даражаси 52,3 фоизни ташкил этмоқда.
Бу соҳада Тўқбой, Баландчайла, Бойбўри, Кўкбулоқ,Қорасув, Улуғбек, Одоқжонбўз, Қуйи Янги, Қизилқишлоқ маҳаллаларида сектор кўрсаткичидан қамров даражаси пастлигича қолмоқда.
Жорий йилда инвестиция дастури асосида Бойбўри маҳалласида жойлашган 27-сонли мактаб биноси мукаммал таъмирланди. Куз-қиш мавсумида 22 та таълим муассасаларига режалаштирилган жами 1114 тонна кўмир етказиб берилди ва жами 2 та янги иситиш қозонлари ўрнатилди.
Ҳурматли тумандошлар!
Бугунги кунда Президентимиз томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича ҳам 2-секторда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишнинг самараси энг аввало биздан ташкилотчилик, ташаббускорликни қўллаб қувватлашни, амалий иш қилишни сўрайди. Негаки, экологик муаммоларни ҳал қилишнинг энг самарали йўли яшил майдонларни кўпайтиришдир.
Шу мақсадда 2-секторда жойлашган барча маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича ҳашар ўтказилиб, ҳар хил турдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Рухсат берсангиз, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликни олдини олиш борасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳақида ҳисобот берсам.
2023 йил 28 июль куни жиноятчиликни жиловлаш бўйича Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берган топшириқлардан ўзимга қаттиқ хулоса чиқариб, келгусидаги вазифаларимни белгилаб олдим.
2023 йил 10 ойида Қамаши туманида қайд этилган жами жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан –2,2 фоизга камайган.
Жумладан, безорилик 20 фоизга ва ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаси 33,3 фоизга камайган. Шунингдек, илгари судланганлар 26 фоизга, вояга етмаганлар ўртасида 60 фоизга ва ишсизлар ўртасида 68,5 фоизга камайган. Бироқ, жиноят содир этиш ёшлар ўртасида 26,8 фоизга, аёллар ўртасида 9,38 фоизга ошган.
Жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолиятимиз бўйича Халқ депутатлари туман кенгашига ҳисобот бердик ва секторлар билан биргаликда “Йўл-харитасини” ишлаб чиқиб, аниқ ва муддатли вазифаларни белгилаб олдик.
Ҳурматли қамашиликлар!
Бугунги кунда амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар – халқимизнинг тинч-тотув ва хавфсиз бўлишига қаратилган.
Шундай экан, сектор раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда жиноятчиликни олдини олиш бўйича йўл хариталар ишлаб чиқиб, йил якунига қадар туманимиз ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, маҳаллаларни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасидаги чораларни янада жадаллаштирамиз.
Бу ишларни амалга оширишда албатта, кенг жамоатчилик ва Сиз азиз фуқароларимизга таянамиз.
Бахриддин Баҳодиров, Қамаши тумани прокурори