Қамаши тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Сарвар Очиловнинг туман аҳолисига мурожаати

Қамаши тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Сарвар Очиловнинг туман аҳолисига мурожаати

Юртбошимиз томонидан мамлакатимизда аҳолини турмуш даражасини яхшилаш борасида барча ижтимоий-иқтисодий дастурлар аҳоли талабидан келиб чиқиб амалга оширилмоқда.

Бунинг учун маҳаллага кўплаб ваколатлар, ташкилий ва молиявий имкониятлар яратиб берилмоқда

Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан “Маҳалла-туман-вилоят-республика” тамойилига кўра секторлар фаолияти ҳамда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин қизлар фаоли,ёшлар етакчиси ҳамда профилактик инспекторидан иборат “бешлик тизими” ташкил этилганлиги натижасида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолини узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган муаоммаларни бартараф этиш, янги корхоналар ва иш ўринларини яратиш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 24-25 октябрь кунлари вилоятимизга ташриф буюрган ҳурматли Президентимиз барча соҳалар кесимида чуқур таҳлилий ёндашув асосида олдимизда турган режаларни, долзарб вазифаларни белгилаб бердилар.

Бу эса барчамизни уйғоқ қалб билан меҳнат қилишга чорлайди. Халқимизга садоқат билан хизмат қилиш – олий бурч эканини англатади.

Ҳурматли тумандошлар !

Мен раҳбарлик қилиб келаётган 4-секторга қарашли 14 та маҳаллада 11 490  та хонадон, 15 726 та оила ва 65 723 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 36 958 нафари эркаклар ва 28 765 нафари эса аёлларни ташкил қилади.

Сектор фаолияти бўйича менга бириктирилган маҳалларда муайян ишлар амалга оширилди. 2023 йилнинг ўтган даврида секторда истиқомат қилувчи 811 нафар аҳоли доимий ишларга, 216 нафари мавсумий ишларга жалб қилинди, 11 нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилиб, 216 нафари касб-хунарга ўқитилиб, 121 нафарига 380,1 млн сўмлик субсидиялар ажратилди, 473 нафар фуқарога 10,2 млрд сўм кредит маблағлари, 48 нафар фуқароларга эса деҳқон хўжалиги ташкил қилиш учун ер майдонлари ажратилди. Ҳоким ёрдамчилари томонидан кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида 112 та (47 таси юридик шахс) тадбиркорлик суъбектлари ташкил қилиниб, 2,8 млрд сўмлик микролойиҳалар ишга туширилди.

Ҳурматли тумандошлар !

Муҳтарам Президентимиз томонидан яратиб берилган тизим асосида “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтари ташкил қилиниб, кўпчилик ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг муаммолари ҳал қилинмоқда.

Биргина “Ёшлар дафтари” орқали 2021 – 2022 йилларда 1106 нафар, жорий йилнинг ўтган даврида 209 нафар ёшларга амалий  ёрдам  кўрсатилиши таъминланди.

“Аёллар дафтари” орқали 2021 – 2022 йилларда 1760 нафар, жорий йилда эса 1 667 нафар аёлларга амалий  ёрдам  берилди.

Бундан ташқари, жорий йилда 7 нафар эҳтиёжманд хотин -қизларнинг турар жойларини 320 млн. сўм ҳомийлик маблағи ҳисобидан таъмирлаб берилди.

Ҳурматли тумандошлар !

Сектор худудидаги 21 та мактаблардан 2021-2022 ўқув йили мавсумида 810 нафар ўқувчилар мактабни тамомлаб, шундан 184 нафари олий таълим муассасаларига қабул қилинди.

2022-2023 ўқув йили мавсумида эса мактабни тамомлаган 884 нафар ўқувчидан 240 нафари олий таълим муассасаларига, 187 нафари эса профессионал таълимга ўқишга қабул қилинди.

Ҳурматли тумандошлар !

Рухсатларингиз билан маҳаллаларда амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтсам.

2023 йилнинг ўтган даврида сектор ҳудудидаги 6 та трансформаторлар мукаммал таъмирланиб, 160 та темир-бетон устунлар ўрнатилди.Бундан ташқари, 35,9 км олис худуд йўлларига йўллар шағаллаштирилиб, 6,9 км тош кўчаларга асфалт ётқизилди. Ҳамда 3,2 км узунликдаги пиёдалар йўлакчаси қурилди.

Ҳаммамизга маълум жанжал ва жиноятлар асосан йўқлик ва шўхликдан келиб чиқади, шундай экан мен жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни содир этилишини биринчи навбатда ишсизликдан деб белгиладим. Маҳалладаги фуқароларни бандлигини таъминласак маҳалла ва оилада хеч қандай жанжал ва жиноят бўлмайди.Туманда  жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида  “Йўл харита” ишлаб   чиқиб, ҳар   бир   идоранинг   аниқ  ва   муддатли вазифалари белгилади.

Маҳалла “бешлиги” томонидан маҳаллалардаги хонадон ва фуқаролар кесимида ҳуқуқбузарлик содир қилишга мойил ва жиноятдан жабрланиши эҳтимоли бўлган 14 тоифадаги шахслар ажратиб олинди.

Жиноятчиликка қарши кураш борасида асосий эътибор “ижтимоий профилактика” самарадорлигига  қаратилиб,  48  нафар фуқароларни рўйхати шакллантирилиб, уларга прокуратура, ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари номма – ном бириктирилди.

Сўнгги 3 ойда 6 та маҳалланинг 2 тасида оғир ва ўта оғир жиноятлар, 4 тасида олдини олиши мумкин бўлган жиноятлар  умуман содир этилмади. Ёки, 4 та маҳалла “қизил” тоифадан “сариқ” тоифага ўтказилди.

Ҳурматли тумандошлар !

Бугунги кундаги геосиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда  бошланган ислоҳатларни маҳаллада  амалга ошириш вазиятни ҳисобга олган ҳолда бошланган ҳисоботларни маҳаллада амалга ошириш, давлат сиёсатини аҳоли турмуш фаровонлигини  таъминлашга қаратиш мақсадида, жорий йилнинг 26 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида барча давлат органлари ва идоралари фаолиятини маҳалладаги “еттилик” тизими билан ўзаро ҳамкорлик асосида ташкил этиш устувор вазифа этиб белгиланиб, сектор раҳбарлар ва маҳалладаги “еттилик” тизими вакиллари олдига қатор вазифалар қуйилди.

Энди яратиб берилган тизим асосида ишни ташкил этиб, йил якунига қадар секторда амалга ошириладиган ишларга тўхталиб ўтсам.

Йил якунига қадар ишсиз фуқароларнинг 331 нафарини даромадли меҳнат  билан  бандлиги  таъминланади. Шундан, “20 минг тадбиркор-500 минг малакали мутахассис” дастури асосида 2 та лойиҳа бўйича 122 нафар, инвестиция дастурларини ишга тушириш орқали 22 нафар, иқтисодиётнинг турли тармоқларида 62 нафар, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва қурилиш  ҳисобига 48  нафар, қишлоқ хўжалик ҳисобига 77 нафар, ташкил этади.

Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчилари томонидан 1,4 млрд. сўм имтиёзли кредитлар жалб қилиниб, 28 та тадбиркорлик субъектлари, 25 нафар касб ҳунарга ўқитилган ёшларга 115 млн. сўм субсидиялар ажратилади.

Юқоридаги тадбирларни тизимли равишда “маҳаллабай” ва “хонадонбай” амалга оширилишини таъминлаш орқали йил якунига қадар 331 нафар аҳолининг бандлиги таъминланиб, ишсизлик даражаси 9,4 фоиздан 7,0 фоизга туширилиши таъминланади.

Ҳурматли тумандошлар !

Ҳурматли Президентимиз ҳар йиғилишда бугунги кундаги ҳар қандай муаммоларни  четдан келиб биров қилиб бермаслигини, биз ўзимиз фақатгина адолат ва фидоийлик билан ёндашиб, бирлашсак барча муаммолар ўз ечимини топишини айтган.

Шундай экан, барча масъулларни “еттилик”атрофида бирлашиб фақатгина яратиб берилган тизим асосида адолат ва фидоийлик билан ишлашга чақираман.

Сарвар Очилов,