
Қамаши тумани ҳокимининг Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан байрам табриги
Қамаши тумани ҳокими Ботир Тоғаевнинг
8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам табриги
Ассалому алайкум, мўътабар онахонлар!
Қадрли опа-сингиллар!
Барчамиз орзиқиб кутадиган, табиат чирой очиб бораётган илк баҳор кунларида нишонланадиган байрам билан сизларни, сизлар орқали барча туманимиз аёлларини самимий табриклайман.
Бутун дунёда кенг нишонланадиган қутлуғ байрам кунларида Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлмиш муҳтарама аёлларимизни қалбимиз тўридаги энг самимий бўлган меҳр-оқибат, севги ва садоқат туйғуларини тилаган ҳолда, барчангизга доимо мана шундай гўзал ва латофатли бўлиб қолинг дейман.
Азиз тумандошлар!
Аёлни эъзозлаш ва эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадриятдир. Қайси касб, қандай лавозимда ишламайлик, биздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз меҳрибон хотин-қизлардан умрбод қарздормиз. Ҳазарт Мир Алишер Навоий айтганларидек, бу қарзимиз ҳаққини минг хазина билан ҳам адо этиб бўлмайди.
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган халқимизни рози қилишдек олий мақсадга эришиш учун хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини оширишга алоҳида аҳмият қаритлмоқда.
“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” деган эзгу тамойил асосида, 2021 йилда 4650 нафар хотин-қизларга “Аёллар дафтари” орқали ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдамлар кўрсатилди. Бу мақсадлар учун бюджетдан 1 миллиард 976 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Боқувчисини йўқотган аёлларнинг фарзандлари учун боғча харажатларини бюджетдан қоплаш тартиби жорий этилди. 12 нафар хотин-қизларга уй-жой тўловининг бошланғич бадалига маблағ ажратилди.
Ҳурматли тадбир қатнашчилари!
Хабарингиз бор, яқинда давлатимиз раҳбари бошличилигида хотин-қизлар масаласида йиғилиш ўтказилди. Унда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олдимизда турган энг муҳим масалалар белгилаб берилди.
Ушбу ишларни тизимли ва самарали амалга оширишни таъминлаш мақсадида Бош вазир ўринбосари лавозими қайта тикланди ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди. Туманимизда ҳам хотин-қизлар масаласида туман ҳокими ўринбосари лавозими қайта жорий қилинмоқда.
Туманимиздаги 60 та маҳалла раисининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосарлари ҳам қўмита тизимига ўтказилди. Ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинмоқда.
Мўътабар онахонлар! Азиз опа-сингиллар!
Бу дунёда ширин ва аҳил, бахтли ҳаёт учун пойдевор яратиб, инсонни инсон, оилани мустаҳкам оила қиладиган, биз учун муҳаббат, вафо ва садоқат тимсоли бўлиб келаётган Сиз, гўзал ва бетакрор қадрдон аёлларимизга кўплаб таърифлар келтириш мумкин.
Бу борада Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг: Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади. Дуогўй момоларимиз, муштипар оналаримиз ва азиз опа-сингилларимиз бу эҳтиром ва эътиборнинг албатта қадрига етадилар. Аёл қадри, инсон қадри улуғланган юртда эса, тинчлик ва фаровонлик, аҳиллик ва барака албатта барқарор бўлади, деган фикрларини алоҳида қайд этиб ўтмоқчиман.
Азиз опа-сингиллар!
Барчангизни яна бир бор бугунги баҳор ва нафосат, гўзаллик ва латофат байрами билан самимий табриклайман.
Фарзандларингиз ва яқинларингиз бахтига, элу юртимиз бахтига ҳамиша омон бўлинг.