
Қамаши тумани ҳокими Хуршид Усмоновнинг 8-Март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан туман аҳлига байрам табриги
Мўътабар онахонлар, мунис опа-сингиллар ва лобар қизлар!
Аввало, барчангизни кўкламнинг қутлуғ айёми, эзгулик ва гўзаллик байрами — 8 – март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан туманимиз фаоллари, кенг жамоатчилик номидан самимий муборакбод этаман!
Бу бетакрор байрамнинг айнан баҳорнинг ташрифи билан ҳамоҳанг тарзда нишонланишида ҳам ўзига хос мазмун-моҳият, ҳикмат ва фалсафа мужассам. Негаки, кўклам ташрифи билан борлиқнинг уйғониши, гулу чечакларга бурканиши, кўнгилларга ажиб бир хуш кайфият бахш этишини, таъбир жоиз бўлса, хонадонимизни гўё қуёш янглиғ ёритиб турган мафтункор аёлларимизга қиёслаш мумкин. Шу маънода, баҳор ва аёл сўзлари бир-бирига эгизак ва уйғундир.
Ҳар қайси оилани оила қиладиган, унга файзу тароват берадиган бу аёлларимиздир. Юрагида чексиз ватанпарварлик туйғуси жўш урган меҳнаткаш соҳибаларнинг қўллари мўъжизалар яратишга қодир. Жамиятнинг энг мураккаб муаммоларидан тортиб, оилавий ташвишлар, рўзғор икир-чикирларини аёл заковати оқилалик билан ҳал эта олади. Айниқса, Тўмарису Бибихонимлар авлоди саналмиш ўзбек аёлининг нафосати, латофати, метин иродаси, сабр-бардоши, фидойилиги қаршисида ҳар қанча таъзим бажо айласак, шунча кам.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъбири билан айтганда, «Сиз, ҳурматли аёлларимиз, ўзингизнинг оналик меҳрингиз, ҳаётий билим ва тажрибангиз билан фарзандларимизни турли хавф-хатарлардан асрашда, уларни мустаҳкам иродали, маънавий-интеллектуал жиҳатдан етук, жонажон Ватанимизга садоқатли инсонлар этиб тарбиялашда бундан буён ҳам куч-ғайратингизни аямайсиз, деб ишонаман. Айниқса, қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларни замонавий билимлар, касб-ҳунарларга ўргатишда биз аввало сизларга суянамиз».
Қадрли байрам иштирокчилари! Ҳақиқатан ҳам, кейинги вақтларда мамлакатимизда хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қонуний манфаатларини таъминлаш, сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оила, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, мустаҳкам оилани шакллантириш масаласига қаратилаётган катта эътибор ва беқиёс ғамхўрлик жаҳон ҳамжамиятининг ҳам эътирофига сазовор бўлди. Натижада ўзбек аёлининг сиёсий-ҳуқуқий савияси юксалиб, ижтимоий фаоллиги тобора ортиб бормоқда. Хотин-қизларимиз бугун нафақат фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш соҳаларида, балки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида масъул вазифаларда ҳам самарали фаолият кўрсатишмоқда.
Жумладан, 2020 йилнинг 24 сентябрь куни ўтказилган видеомулоқотда Юртбошимиз топшириғига асосан мамлакат бўйлаб кам таъминланган, боқувчисидан айрилган ишсиз хотин-қизларнинг рўйхатлари — «Аёллар дафтари» шакллантирилди. Шунга кўра, 2023-йил давомида Халқ депуталари Қамаши туман Кенгашининг қарори билан 6 та йўналиш бўйича 7191 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилди. Шулардан 112 нафар хотин-қизлар доимий ишга жойлаштирилди. 173 нафари жамоатчилик асосида ишга қабул қилинди. 378 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилиб, тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун 1 миллиард 409 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. Эҳтиёжманд 442 нафар хотин-қизларга “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан, 153 нафарига “Саховат ва кўмак” жамғармасидан ва 1 – 2-гуруҳ ногиронлиги мавжуд 393 нафар аёлларга моддий ёрдам маблағлари ажратилди. Уй-жойга муҳтож 1 нафар аёл ижтимоий уй билан таъминланди. 5 нафар опа-сингилларимизга ижара компенсациялари тўлаб берилди. Ногирон фарзанди бўлган 132 нафар хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 574 нафарига тиббий, 338 нафарига ҳуқуқий, 60 нафарига психологик ёрдамлар кўрсатилган. Бунинг учун жами 1 миллиард 118 миллион сўм маблағ ажратилган.
Қадрли опа-сингиллар! Баҳорнинг илк байрами муносабати билан Сиз дилбар, фидойи ва меҳрибон хотин-қизларимизга шуни алоҳида таъкидламоқчиманки Сиз ҳар жабҳада илғор, ташаббускор, ибратлисиз. Сизнинг фидойи, заҳматкаш ва меҳри дарёлигингиз таҳсинга сазовордир.
Биз бугун ўзининг фидокорона меҳнати, эришган улкан ютуқлари, давлат ва жамоат ишларидаги фаол иштироки, ибратли фазилатлари билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонган юзлаб опа-сингилларимиз билан фахрланамиз. Жумладан, Жаҳон ва Осиё спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган полвон қизимиз Турсуной Жабборова, Осиё чемпиони Севинч Тошпўлатова, спортнинг қўл жанги тури бўйича Жаҳон ва Осиё чемпиони Ўғилой Жуманова, ишбилармон аёллар Сайёра Тожиева, ижодкор опа-сингилларимиздан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Момохол Элмуродова, Гулжаҳон Мардонова ва юзлаб устоз-мураббийларимизнинг, фидойи, жонкуяр шифокорларимизнинг номларини фахр билан тилга оламиз.
Азиз ва муҳтарам онахонлар, меҳрибон опа-сингиллар, лобар қизлар! Сўзим ниҳоясида барчангизни Халқаро хотин-қизлар байрами билан яна бир бор самимий муборакбод этаман. Оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон, бахт-иқболли бўлингизлар! Нега деганда, аёлларимизнинг бахти — халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир. Барчангизга мустаҳкам соғлик, тинч ва осуда ҳаёт, оилавий фаровонлик ва хотиржамлик, хонадонларингизга тўкин-сочинлик, файзу барака тилайман.
Баҳор ва бахт айёмингиз муборак бўлсин!