
Ҳар эзгу иш учун мардлар кўпайсин
Фароғат Худойқулова 1975 йилда Қамаши тумани Чим қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Куй дилим, суйгулим”, “Айтолмаган сўзларим”, “Ойдинлик”, “Қоятошим” каби шеърий номли китоблари чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Бунга анча йиллар бўлди. Ўшанда Қаршида “Насаф” нашриёти ташкил этилган бўлиб, бу воҳада яшаб ижод қилаётганлар учун кенг имкониятлар эшигини очганди. Нашриётда марҳум шоир Чори Аваз бош муҳаррир, адиб Темирпўлат Тиллаев эса муҳаррир бўлиб иш бошлаганди. Кунларнинг бирида уйимга Темирпўлат келиб дабдурстдан:
-Ака, зудлик билан ёзганларингизни тўпланг, Суюн Шукурнинг қиссаси, Йўлдошбек Кенжаникини қўшиб, битта тўплам қиламиз. Китобга ном ҳам топиб қўйдим. “Кечиккан карвон қўнғироғи”, бўладими?- деди.
Укамизнинг айтганини қилдик. Орадан икки ой ҳам ўтмасдан китоб қўлимизга тегди. Учта муаллиф бир бўлиб Темирпўлатни меҳмонга чақирдик.
У ён чўнтагидан кичкинагина китобчани чиқариб, – мана буни вақт топиб, бир ўқиб кўринг, – дея менга ўзатди. Китобга кўз югуртирдим. Фароғат Мусулмон қизи “Куй дилим, суйгулим” . Ўзимча дедим: “Номи чиройли экан, ҳайнаҳой буни Темирпўлатнинг ўзи қўйган, шеърлари қандай экан? ”, – деган ҳаёлга боргандим.

Китоб муаллифи ўн олти ёшли мактаб ўқувчиси экан. Шеърлари ажабтовур, содда, самимий…
Орадан сездирмасдан йиллар ўтди. Адабиёт осмонида қанчадан-қанча “юлдуз” ва “юлдуз” чалар бир чақнаб ўчди – кетди.
Оқшом пайти эди, чоғимда. Радиодан шеър янгради. Соғинчлар, дил изҳорлари…
Хотираларим уйғонди. Эҳтирос билан шеър ўқиётган шоирани тинглаб: “Шу шоира ўзимиз тарафдан бўлса керак-ов” дея тахмин қилдим. Буни қаранг, башоратим тўғри чиқди. Шеър муаллифидан устозлари ҳақида сўрашганда, “Илк устозим адабиёт ўқитувчим Темирпўлат Тиллаев бўлган, – дея буррогина жавоб берди. Бу Фароғат эди. Лекин негадир фамилиясини Худойқулова деб ўқишди.
Дарров Темирпўлатга қўнғироқ қилдим.
-Ҳа, бу Фароғат, менинг ўқувчим, ҳали кўрасиз, зўр шоира бўлади, худди Ҳалима, Ойдин, Қутлибека, Момохол опалардай … – деди фахрланиб.
Шоиранинг шеърлари марказий газета ва журналларда чоп этила бошлади. Бирин-кетин китоблари чоп этилди. Телеканал ва радиода мазмунли чиқишлар қилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ишга чақиришди. Энг асосийси, Фароғатнинг шеърлари мухлисларига қалбидан жой эгаллади. Биз истеъдодли шоирани таваллуд айёми билан қутлаб, ундан жўшқин ва самимий шеър ва достонлар кутиб қоламиз.
Ўролбой ҚОБИЛ.

Фароғат Худойқулова шеърлари
ОҚ ХАТЛАР
Кетдим,
Билмасам-да борар еримни,
Мен севиб юракни олдирдим.
Кўнглимни қолдириб уйнинг ичида,
Калитни қўшнига қолдирдим.
Тишни тишга босинг, борманг ортимдан,
Андуҳга тўлса ҳам кўнгил халтангиз.
Майли, муҳаббатим рангида бўлсин
Унутган кунингиз кийган пальтонгиз.
Майли, шеърларимни сочинг шамолга,
Боғларга улашинг кўйлакларимни.
Туфлиларим артсин бир гард қолдирмай
Соғинчлар тўкилган йўлакларимни.
Фақат сиз мен учун тўкилманг, йўқ-йўқ,
Жавобсиз севгимга ўзимман қурбон.
Ҳар тонг бағрингизга босиб қўйинг жим,
Менсиз ичикмасин яшил соябон.
Ҳар тонг дон улашинг кабутарларга,
Қуёшнинг қўлларин ўпсин деразам.
Атиргул сувига ухланг чўмилиб,
Бўғмасин ўн беш йил олдинги қасам.
Оқ тунлар ошиқсин ҳузурингизга,
Ҳижрон деган уюр оқ отлар борсин.
Бахтимнинг олтинранг аравасида
Гул боғич боғланган оқ хатлар борсин.
Энди осмонимга қайта кўз тикманг,
Кетдим
кўнглингиздан ёмғирдай оқиб.
Сувратимни солманг чўнтагингизга,
Ойнинг ўчоғида юборинг ёқиб…
Кетдим…
КУТАМАН
“Китоб—Тошкент” поезди жилар,
Ҳавода чайқалиб ингранар очун.
Кутишдан умид йўқ,
Кузатиш ўлим,
Ўзимни батамом унутганим чин.
Поезд тутқичига умрим шиддати
Осила-осила, узилган кезлар.
Юрагим ёшлари кипригимгамас,
Ўтли релисларга тизилган кезлар.
На-да севилмоққа,
На-да севмоққа,
Тўзғин хаёлларим бермаган имкон.
Қўлларимдан ушла, етакла замин,
Нафас олмоғимга ёрдам бер осмон.
Қор ёғса битарми,
Қон оққан ярам?..
Вокзал — кўзларимдай ҳуввилаб борар.
О, унинг кетиши, сўзсиз кетиши,
Ўқувсиз табибдек кўксимни ёрар.
Шунда ҳам кутаман,
Лекин у ҳақда,
Бирор кимса хабар, бир сўз айтмайди.
Тушимда поездлар қайтар ҳар саҳар,
Лекин у ҳеч қачон қайтмайди.
ИШҚ ҚАСРИНИ ЁҚИНГЛАР
Отасининг кўзига,
Акасининг кўзига
Тик боқмаган қизларнинг
бахти йўқми, Энажон?
Номардга сир айтмаган,
Ваъдасидан қайтмаган,
Қизлар ўзи давлату
Тахти йўқми, Энажон?
Севилиб йўл топмаган,
Севиб тонги отмаган,
Оққуш бўлиб учгану
Ойнинг юзин ёпмаган.
Сўқмоқ йўлдан юрганлар,
Тушида туш кўрганлар,
Кўз ёшига соч ювиб
Дардин қўшиб ўрганлар.
Қошу киприкларига,
Тегиб юлдузлар куйган.
Тилаклари пок қизлар,
Бағри тошларни суйган.
Қиз ҳолидан кулганлар,
Лола баргин юлганлар.
Чин ёридан воз кечиб
Ўлмай туриб ўлганлар.
Отасининг кўзига,
Акасининг кўзига
Тик боқмаган қизларнинг
Кўзларига боқинглар…
Кўзларига боққанлар,
Ҳасратида оққанлар,
Қиз кўксидан ўт олиб
Ишқ қасрини ёқинглар,
Дунёларни ёқинглар!…
***
Эрта тонгдан нон исига
Уйимни тўлдирди шамол.
Қуёш кўзин гул яшнатиб
Далангиз ҳам очди жамол.
Дунё ризқ-рўз улашмоқнинг,
Ҳалол йўлин уққан сиздан.
Қишин-ёзин тер тўкмоқлик,
Чумолига юққан сиздан.
Мен ҳам ташна жўякларга,
Тилло сувин тўкдирганман.
“Буғдой тўлди” тўйингизга
Атлас кўйлак тикдирганман.
Эл сизга, сиз элга таянч,
Қалам тутсам, дил ёнадир.
Юлдуз ўпган хирмонингиз,
Юрт тўйига тўёнадир.
ҚЎШИҚ ТАҲЛИЛИ
Чақмоқнинг ҳур қизиман,
Қанот берди довуллар.
Бир силкинсам, уйғонар,
Тоғлардаги овуллар.
Ёрнинг қўли етмаган,
Тақим сочларим — товус.
Кипригимда нур ўйнар,
Олтин балиқ, гул ҳовуз.
Том бошида ўлтириб,
Осмонга отгандим сўз.
Шамолларнинг лабида,
Пора бўлди чанқовуз.
Боботоғ қирларида
Пайҳон бўлди лолалар.
Ёрни ёрга кузатиб,
Қилгандирман нолалар.
Сувда ёнган шуълалар
Кўрпамга қуроқ бўлди.
Ёр келди, деб уйғонсам,
Тутганим фироқ бўлди.
Булутларнинг сочида
Арғимчоқ учдим, ёрим.
Бинафшанинг баргидан,
Чимилдиқ бичдим, ёрим.
Сутдай тиниқ оқарди,
Ёшлигимнинг дарёси.
Қай томон адаштирди,
Шамолларнинг дунёси?
Ай, дунё, ҳур-ҳур дунё,
Фароғатим олдинг сен.
Ажаб қилдим мен севиб,
Ортда ёлғиз қолдинг сен…
ҚОЯТОШИМ
Совуқ шамолларни тўсиб тургувчим,
Бўроннинг тилини кесиб тургувчим.
Елкасини қора қорлар босса ҳам,
Чўғнинг устида тик ўсиб тургувчим.
Ёмғир ювиб турган, энг нодир тошим,
Қумларга қўшилиб соврилган ёшим.
Йиллар болта урган чок кўксингизга —
Бош қўйсам, синарми, сабру бардошим?
Баҳор кетганда ҳам гул қоплаган, тош,
Юлдузли осмону, ой ўпмаган, тош.
Мен қайларга кетдим, бахтимни излаб,
Йўлимга термулиб кўз қоқмаган, тош.
Койийсиз:— сўз аяб болаларингдан,
Жигарингдан ўнган лолаларингдан.
Шеър дардида ёниб-куйганинг қурсин,
Дарёлар тошмаса нолаларингдан.
Совуқ шамолларни тўсиб тургин деб,
Бўроннинг тилини кесиб тургин деб.
Шаҳдингиздан улгу улашсангиз ҳам,
Музнинг устида тик, ўсиб тургин деб.
Оқибатсиз дўстлар томон бўлдим мен,
Алданиб, ранг-рўйи сомон бўлдим мен.
Энг яхши болам шу дедингиз элга,
Ҳамма болангиздан ёмон бўлдим мен.
Кўзни йўлингизмас, тоғларга тикдим,
Пойингизга эмас, ўйларга чўкдим,
Кечиринг, дейишга тилим бормасдан,
Кўнглимни бир парча қоғозга тўкдим.
Куйсаму ўзгалар дардин олмасам,
Севсаму дилларга титроқ солмасам.
Сиздай боғ бўлишга етмаса қурбим,
Сизга ўхшамасам, ўхшай олмасам,
Сиз мени кечирманг,
Онажонгинам,
Сиз мени кечирманг,
Онажонгинам.
***
Шодлик деворларин йиқитмасин ғам,
Садоқат улғайтсин дўстлар кўнглини.
Юлдузлар сочилсин қорли йўлларга,
Ташвишин аритсин кўзи мўнглини.
Меҳрдан бедариғ бўлмасин бемор,
Бахтини тополсин излаган инсон.
Кўнгиллар севгидан бўлсину пайванд,
Номарднинг зарбига бўлмасин, нишон.
Омади юришсин ишбилармоннинг,
Ғанимлар эл бўлсин, низо йўқ бўлсин.
Юрт бошида офтоб сочаверсин нур,
Эртадан оналар кўнгли тўқ бўлсин.
Орзулар юксалсин, юрак розида,
Бургут қанотида, Алплар отида.
Ҳар эзгу иш учун мардлар кўпайсин,
Оқибат бўй чўзсин тоғлар ортида.
Маърифат қуёши хонадонларда,
Порлатсин ҳаётнинг пок нурларини.
Юксалсин, ўйғонган буюк туйғулар,
Яратган ёғдирсин, сўз дурларини.
Дўстларим, дуога очинг қўлларни,
Элимиз эл ичра обод эл бўлсин.
Янги йил Мухаббат, Бахт йили, илло
Қалбимиз дил ичра озод дил бўлсин!
ШОДА-ШОДА БАХТДАН…
Мезон шамолида тоблаб ҳисларни,
Сахий куз йўл солди чанқоқ боғларга.
Юртма-юрт учириб мовий қушларни,
Чинорлар қўл чўзди азим тоғларга.
Орзулар қизарди анорюз бўлиб,
Умидлар жой олди ҳилол ёнидан.
Ариқлар оқдилар ўпкаси тўлиб,
Олмалар ранг олди кўнгил қонидан.
Шода-шода бахтдан эгилди шохлар,
Булутлар ташрифи энди ғам бўлмас.
Илҳом булоқлари қайнаган маҳал
Ноклардек тўкилиш – шоирга ҳавас.
Дунёни тутмоқда япроқлар ҳиди,
Юлдузлар кўзида сирли ийманиш.
Бу оқшом ғарқ пишган сатрлар аро
Заминга виқор-ла мамнун боқар қиш…