Оққишлоқ қишлоғидаги мактаб масаласи юзасидан муносабат

Оққишлоқ қишлоғидаги мактаб масаласи юзасидан муносабат

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида Қизилқишлоқ маҳалласига қарашли Юқори Оққишлоқ қишлоғида яшовчи аҳоли фарзандлари узоқ масофага қатнаб ўқишга мажбур экани, шунингдек, маҳаллий мактаб филиалидаги шароитлар талаб даражасида эмаслиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Ушбу масала Қамаши туман ҳокимлиги, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда нодавлат ОАВ вакиллари иштирокида ўрганилди. Ҳолат жойига чиқилган ҳолда ўрганилиб, тегишли хулосалар чиқарилди.

Қизилқишлоқ маҳалласида жойлашган 160 ўринли 60-сонли умумтаълим мактабида ҳозирда 176 нафар ўқувчи 2 сменали таълим асосида ўқимоқда. Ушбу мактабнинг “Оққишлоқ” қишлоғидаги филиали эса 2008 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 1–7-синфларда жами 52 нафар бола таҳсил олмоқда. 8–11-синф ўқувчилари эса асосий мактабга қатнаб ўқишмоқда. Уларнинг хавфсиз ҳаракати таъминланган, кузатувчи ўқитувчилар ҳамроҳлигида қатнайди.

Ўқувчилар синфлар кесимида қуйидагича тақсимланган:
➖1-синфда – 8 нафар;
➖2-синфда – 9 нафар;
➖3-синфда – 11 нафар;
➖4-синфда – 7 нафар;
➖5-синфда – 5 нафар;
➖6-синфда – 7 нафар;
➖7-синфда – 5 нафар.

Шунингдек, мактабга олиб борувчи текис йўл мавжуд бўлиб, айрим ўқувчилар фақатгина йўлни қисқартириш мақсадида муқобил йўлдан ҳаракатланмоқда. Ўрганишлар натижасига кўра, ушбу ҳудудда мактабга қўшимча бино қуриш учун талабгор ўқувчи сони етарли эмаслиги маълум бўлди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан тайёрланган видеолавҳалар «Sevimli» ва «Mening yurtim» телеканаллари орқали намойиш этилиши режалаштирилган.

Қамаши туман ҳокимлиги Юқори Оққишлоқ қишлоғидаги таълим масаласини алоҳида эътиборда ушлаб турибди. Аҳоли фикри ва жамоатчилик назорати инобатга олинган ҳолда, масаланинг тўлиқ ечимини таъминлаш мақсадида босқичма-босқич амалий чоралар кўрилади