
Пилла — оилавий даромад манбаи
Мамлакатимизда пиллачилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, жаҳон бозорида рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ва унинг турларини кенгайтириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, мазкур чора-тадбирлар пилла хомашёси етиштириш ҳажмини ошириш, уни қайта ишлаш ҳисобига экспортбоп ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, республикамиз ҳудудларида банд бўлмаган аҳоли, айниқса аёллар бандлигини таъминлаш имконини бермоқда.
Уй шароитида пилла етиштираётган фуқаролар даромад солиғидан озод қилиниши, бир мавсум ишлаган даври бир йил меҳнат стажига ўтишини яхши англаган пиллакорларнинг сафи ортиб бормоқда. Бу эса аввало аҳоли бандлигини таъминлаш, қолаверса турмуш шароитини яхшилашда муҳим омил бўлмоқда.
Қамаши тумани пиллакорлари ҳам бу йилги мавсумни эзгу ниятда бошлаб, юқори ҳосил олишни мақад қилган. Зеро, қишлоқ хўжалигида йилнинг дастлабки хирмони саналган пилла ҳар бир оила учун даромад манбаидир. Жорий мавсумда Қамаши тумани пиллакорлари 233 тонна “кумуш тола” етиштиришни мақсад қилган. Шу мақсадда тумандаги 16 та ҳудуддаги фермер хўжаликлари ва касаначиларга 3443 қути ипак қурти тарқатилиб, пилла боқувчиларга ҳар бир қутиси учун 250 минг сўмдан аванс маблағи берилди. Шунингдек, пиллакорлар қилинган меҳнат эвазига бир қути пилладан ўртача 2,5 миллион сўмагача даромад олади. Кўриниб турибдики, пилла етиштириш оилага яхшигина даромад олиб келиши қаторида, ишсиз фуқароларнинг меҳнат стажининг ошишига ҳам сабаб бўлади.
Ушбу имкониятларни тўғри англаб етаётган аҳоли сони ошиб, ишнинг кўзини биладиган, оиласи даромадини юксалтираётган, қолаверса эл хирмонига муносиб ҳисса қўшаётган пиллакорлар кўпчиликни ташкил қилмоқда.
Пилла қурти боқишнинг ўз қийинчиликларини ҳисобга олган ҳолда фермер ва касаначиларга имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда пилла қурти тарқатилади. Ушбу имкониятлардан тўғри фойдаланган ҳар бир пиллакор юқори ҳосил ва даромад топиб келади. Бироқ меҳнат қилишдан, ўз мажбуриятларини бажаришдан қочадиган аҳоли ҳам учраб туради. Хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали кўп пилла қурти тарқатилганини айтаётилган мурожаат ўрганиб чиқилганда, бу ҳолат ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум бўлди. Туманда фермер ва пиллакорларнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, уларнинг розилиги билан пилла қурти тарқатилгани аниқланди. Шунингдек, Қамаши туманида «пилла қурти фақат фермерларга берилган» дейилган маълумот ҳам асоссиздир. Пилла қурти боқишни даромад манбаи деб биладиган деҳқон хўжаликлари, касаначи ва фермер хўжаликларига ўз имкониятлари даражасида тарқатилган.