
“Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Шу билан бирга, бугунги кунда суд қарорларини қайта кўриш институтининг таҳлили мазкур институтни такомиллаштириш орқали амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Бош Қомусимизнинг 138-моддасида, суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурий эканлиги кўрсатилган.
Маълумки, 2023 йил 25 декабрда “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг жиноят процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди ва амалиётда татбиқ этилди.
Унга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб туманлараро судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди.
Судда иш юритиш тезкорлиги ва сифатини ошириш, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз кечиктиришни бартараф этиш, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилишини, суд қарорларини қайта кўриш босқичларига тафтиш инстанцияси жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур Қонун билан суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, тарафларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси жиноят процессуал кодексига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, суднинг қарори ва ажрими устидан шикоят бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди. Яъни, юқорида номи келтирилган Қонунга асосан, туманлараро, туман (шаҳар) судлари томонидан биринчи босқичда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилди.
Бундай тартибнинг ўрнатилиши оқибатида эса судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш орқали суд қарорларининг барқарорлигини таъминлаб, фуқаролар сарсон бўлишининг олди олинади. Эндиликда, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши билан юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва камчиликларнинг аниқ ечимига қаратилган ҳуқуқий механизмлар яратиб берилмоқда.
Суд қарорлари ва ажримларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш деганда, шикоят ва билдирилган протест асосида қуйи суд чиқарган қарорлари, ажримларининг уларга қўйиладиган талабларга жавоб беришини текширишга қаратилган юқори судда иш юритиш (суд муҳокамаси) жараёни ҳисобланади.
Қайд этилганидек, жиноят ишларини юритишда ишлар одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши, қонун ва суд олдида тенглик, судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби принциплар асосида амалга оширилади.
Мазкур тартибнинг қонунда белгиланиши билан одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтирди. Бунда биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади. Суд ишидан яна норози бўлинган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида қайта кўриб чиқилади.
Шунингдек, кассация инстанциясининг жорий этилиши келгусида манфаатдор шахслар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжати устидан шикоят келтириш имконини беради.
Масалан, суддаги бир тараф ўзи қатнашган иш бўйича қабул қилинган суд қарори ёки ажримидан қонуний кучга кирганидан кейин қайсидир ҳолатга кўра норози бўлиб қолиши мумкин. Ушбу ҳолатда шахс апелляция шикояти бериш муддатини ўтказиб юборган бўлади, аммо унда шикоят келтиришда процессуал ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқи мавжуд бўлади.
Т.Самиев,
Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди судьяси