
Чигирткалар ҳужуми хавфига қарши чоралар мунтазам олиб борилмоқда
Республикамизда 150 дан ортиқ чигиртка тури тарқалган бўлиб, шулардан тўда ҳосил қилиб яшовчи “Марокаш”, “Итальян пруси”, “Саксовул”, “Осиё” ва “Воҳа” чигирткалари ҳамда тўда ҳосил қилмайдиган (маҳаллий) чигирткалардир.
Мамлакатимизда кенг тарқалган чигиртка турларидан бири бўлган “Марокаш” чигирткаси эрта баҳорда тупроқнинг устки қатлами ҳарорати +10 С га етганда, яъни март ойининг ўрталарида, баҳор салқин келган йилларда эса апрель ойида чиқади.
Жорий йилда Қашқадарё вилоятида зарарли чигирткаларга қарши 115 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилиши башорат қилинган бўлиб, бугунги кунда жами 31,9 минг гектар зарарли чигирткаларга қарши кимёвий ишловлар ўтказилди. Жумладан, Қамаши туманида 4,6 минг га майдонда кимёвий ишловлар ўтказилди. Кимёвий ишловларни ўтказиш учун 25 трактор пуркагичлари, 112 та моторли осма қўл пуркагичлари, 13 та автомашинага ўрнатилган махсус пуркагичлар жалб қилинган.
Қашқадарё вилоятида зарарли чигирткаларга қарши кураш учун етарли миқдорда кимёвий воситалар, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари заҳираси яратилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган Қамаши тумани Чангак маҳалласида чигирткалар билан боғлиқ ҳолат Қашқадарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ҳамда Қамаши тумани ҳокимлиги масъул ходимлари томонидан ўрганилди.
Маълум бўлишича, 2024 йил 26 март санасидан ҳудудда чигирткага қарши кураш тадбирлари бошлаб юборилган. Бунинг учун зарур техника ва дори воситалари бошқарманинг туман бўлими томонидан доимий етказиб берилган.
Аҳоли бириктирилган ходимларга доимий кўмак бериб келаётгани, бироқ дори воситаларини сотиб олмаётганлигини таъкидлашди. Видео тасвирда чиққан фуқаро ҳам ижтимоий тармоқда берилган маълумотни нохолис эканлигини билдирди.