
ҚАМАШИ ТУМАНИ ИЧКИ ИШЛАР БЎЛИМИ БОШЛИҒИ НОДИРБЕК МУЙИДИНОВИЧ РАҲИМОВНИНГ ТУМАН АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ
ҲУРМАТЛИ ТУМАНИМИЗ АҲЛИ!
Мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш — доимо энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Хабарингиз бор, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 3 январь куни “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сонли қарор имзоланди.
Шу муносабат билан Қамаши туманида 2025 йилнинг ўтган тўққиз ойида содир этилган жиноятлар ҳолатига қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Ҳусусан, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида туманда жами 211 та жиноят қайд этилди. Шулардан 84 таси олди олиниши мумкин бўлган, 60 таси маҳалла ҳудудида содир этилган, 57 таси эса аниқланиши мумкин бўлган жиноятлардир. Шунингдек, умумий жиноятларнинг 29,6 фоизи ахборот технологиялари воситасида содир этилган кибер жиноятлар ҳисобланади.
Жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ишлари самарали ташкил этилгани туфайли, ўтган тўққиз ой мобайнида шаҳардаги мавжуд 57 та маҳалланинг 5 фоизи — 3 та маҳаллада умуман жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Мазкур қарор ва қўшма қарорларга асосан, 2025 йилда тумандаги 57 та маҳаллада хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича асосий мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди. Шунингдек, масъул идора ва ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 4-чораги учун туман ва маҳалла кесимида «Йўл хариталари» ишлаб чиқилиб, ижро учун масъуллар белгилаб олинди.
3-чоракда амалга оширилган асосий профилактик чора-тадбирлар:
-
117 та видеокузатув камераси маҳаллаларнинг кириш-чиқиш жойларига ўрнатилди.
-
Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ҳамкорлигида савдо марказлари ва бозорларга 20 та юзни таниш, 22 та автотранспорт рақамларини таниш камералари жойлаштирилди.
-
Мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, спорт майдонларига 48 та (PTZ) камера, жамоат жойларига 721 та видеокузатув камераси ўрнатилди.
-
Светофор объектларига 12 та «ақлли» светафор ва қоидабузарликларни аниқловчи замонавий техника воситалари ўрнатилди.
-
Мактаблар олдида 10 та қавариқ пиёдалар йўлаги ва сунъий нотексликлар ташкил этилди.
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишлар:
-
“Қизил” ва “Сариқ” тоифадаги МФЙларда жами 293 та хонадон ва объект Қўриқлаш хизматига топширилди.
-
Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган 303 нафар шахс билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, улар расмий равишда огоҳлантирилди.
-
Шу тоифадаги 407 нафар аёлга ҳимоя ордерлари берилди.
-
Маҳаллалардаги 397 та кўп қаватли уй ва 76 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари техник қўриқловга олинди.
-
Кириш йўлакларига 14 та “ташвиш тугмаси”, эшикларга 28 та «домофон» ўрнатилди.
Ёшлар ва мактаб ўқувчилари билан иш:
-
108 марта мактабларда профилактик тадбирлар ўтказилди.
-
Девиант хулқли ўқувчилар билан 377 марта индивидуал профилактик тадбирлар амалга оширилди.
-
Дарс вақтида бемақсад юрган 170 нафар вояга етмаган таълимга қайтарилди.
-
205 нафар ота-она билан профилактик суҳбат ўтказилди.
-
Уюшмаган ёшлар учун 163 марта маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Жамиятда барқарорликни таъминлашга қаратилган ишлар:
-
Судда низолашаётган, ажрашиш арафасидаги 894 та оила соғлом муҳит яратиш мақсадида 179 нафар раҳбар ходимга бириктирилди.
-
Чет элдан қайтган 4393 нафар фуқаро билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
-
Спиртли ичимлик ва гиёҳвандликка мойил 171 нафар шахс тиббий кўрикдан ўтказилди.
-
Пробацияда бўлган шахслар устидан 502 марта текширув ўтказилиб, чекловни бузган 30 нафардан 24 нафарига нисбатан жазо чоралари кучайтирилди.
-
Фирибгарликнинг олдини олиш мақсадида 3476 марта тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Киберхавфсизлик ва замонавий таҳдидлар:
Ҳозирги кунда ахборот технологиялари инсон ҳаётини анча енгиллаштирган бўлса-да, кибермаконда содир бўлаётган жиноятлар сони сезиларли даражада ортиб бормоқда. Кибержиноятларнинг асосий хусусияти шундаки, улар масофадан туриб амалга оширилади, шахсий маълумотлар ва молиявий манбаларга суиқасд қилинади.
Қамаши туманида фуқаролар томонидан Telegram иловаси орқали келаётган “бу сенинг фотосуратларинг.apk” каби зарарли файлларни юклаб олиш орқали пластик карталардаги маблағлар ечиб кетилган ҳолатлар қайд этилмоқда. Шунингдек, “уйда ўтириб, трейдинг орқали осон пул топиш мумкин” каби ёлғон реклама хабарларига ишониб, фуқаролар алданмоқда.
Ҳурматли тумандошлар!
Жамиятимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, маҳаллаларимизда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда барчамизнинг ҳамжиҳатлиги зарур. Ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалиши, хавфсизликка ёндашуви фаол бўлиши жамият равнақи учун муҳим аҳамиятга эга.
Бизнинг асосий вазифамиз — жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг асл сабабларини аниқлаб, уларни бартараф этиш, ҳар бир маҳаллада тинч ва хавфсиз муҳитни яратишдир.
Нодирбек Раҳимов
Қамаши тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи