
Қамаши тумани фермерлари кенгаши раёсати аъзоларининг фермер хўжаликлари, кластерлар ва кооперативларга М У Р О Ж А А Т И
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, аграр соҳа фидойилари!
Бугунги мураккаб глобал иқтисодий шароитда озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё учун стратегик масалага айланиб бораётган бир пайтда, юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, мавжуд ресурс ва имкониятлардан унумли фойдаланиш, озиқ-овқат етиштириш ҳажмини ошириш, юқори ҳосил олиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда.
Шундай масъулиятли паллада, табиат шароити қанчалик оғир бўлмасин, фермер ва деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнати самарасида туманда жами 7 690 гектар майдонда етиштирилган пахта хомашёсини ўз вақтида, ёғин-сочинга қолдирмасдан йиғиб олиш вазифаси турибди.
Айни пайтда, юртбошимиз раҳнамолигида қабул қилинаётган фармон ва қарорлар соҳа вакилларига кенг имкониятлар ва катта имтиёзлар яратаётгани барчамизга маълум. Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинди:
🟢 Биринчидан – молиявий қўллаб-қувватлаш:
2025 йил 19 сентябрдаги ПҚ-290-сон қарорига асосан, фермер хўжаликлари томонидан қайта ишловчи корхоналарга (жумладан, кластерларга) биржа савдоси орқали сотилган ва электрон ҳисоб-фактура билан расмийлаштирилган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун 1 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилади.
🟢 Иккинчидан – солиқ юки енгиллаштирилди:
2025 йил 19 мартдаги ПФ-50-сон Фармонга мувофиқ, фермер хўжаликларининг солиқ қарздорлиги бўйича ҳисобланган пенялар бекор қилинди, ижро ишлари тўхтатилди.
🟢 Учинчидан – юқори ҳосилга рағбат яратилди:
2025 йил 28 мартдаги ПҚ-131-сон Қарорга асосан, пахтадан 50 ц/га ва ғалладан 80 ц/га ҳосил олган фермерларга ерларининг 25% қисмида алмашлаб экиш ҳуқуқи (чорва озуқаси, сабзавот, мойли экинлар) берилди. Шунингдек, ер солиғи учун 3 баробаргача камайтирувчи коэффициент қўллаш имконияти яратилди.
🟢 Тўртинчидан – инфратузилмавий имкониятлар яратилди:
2025 йил 8 апрелдаги ПҚ-136-сон Қарорга мувофиқ, ер майдони 5 гектардан кам бўлмаган хўжаликларга, умумий ер майдонининг 1% қисми (лекин 20 сотихдан ошмаслиги керак)да музлаткичли омборлар, саралаш, қуритиш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сув тежовчи технологиялар ва сув сақлаш объектларини қуришга рухсат берилди.
💬 Фермерлик бурчи – юртга хизмат!
“Фермер” номи билан ислоҳотлар марказида турибсиз. Бу — шунчаки статустан кўра, катта масъулиятни англатади. Сизлардан кутилган асосий вазифа – соф ният, меҳнатсеварлик ва касбга садоқат асосида юқори ҳосил олиб, бозорларимизнинг тўкинлиги, халқимизнинг фаровонлиги ва мамлакатимиз иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшишдир.
Пахта теримида масъулият ва ташкилкорлик лозим
Ҳурматли кластерлар, кооперативлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари!
Бу йилги терим мавсумида теримчилар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш – умумий бурчимиздир.
-
✅ Пахтанинг қўлда терилган ҳар бир 1 килосига — камида 2000 сўм миқдорида нақд пулда меҳнат ҳақи тўлашни таъминланг;
-
✅ Пахта териш машиналари орқали йиғилган ҳар бир тонна учун 1 млн 373 минг сўмдан кам бўлмаган хизмат ҳақи тўлашни унутманг;
-
✅ Ҳар бир гектарга 2 нафар теримчи жалб этилишини ташкил этинг;
-
✅ Пахта майдонларида кунлик ёки 5 кунлик ҳисоб-китоб тизимини жорий этинг;
-
✅ Ҳар куни териб олинган ҳосил ҳақидаги маълумотларни электрон тарозилар ва “Ҳосил қабули” АТга киритиб боринг;
-
✅ Пахтамиз — миллий бойлигимиз! Унинг юртимизда тўлиқ қайта ишланиши халқимиз фаровонлигига хизмат қилишига ишонч билан ёндашайлик;
-
✅ Терим мавсумида меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси талабларига қатъий риоя қилинг, мажбурий меҳнатдан воз кечинг!
Азиз маҳалла раислари ва фаоллари!
Юртбошимизнинг “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” сиёсатларини амалга оширишда сизлар етакчи кучсиз. Туманимизда терим ишларини самарали ташкил этишда, маҳаллалардаги меҳнатга лаёқатли аҳолини ишга жалб этиш, уюшқоқликни таъминлашда фаол қатнашишингизга ишонамиз.
Сизнинг бой ҳаётий тажрибангиз, ташкилотчилик қобилиятингиз ва маҳаллангиздаги обрў-эътиборингиз орқали, фермерлар билан елкадош бўлиб, йиғим-теримни юқори савияда ўтказишга ҳисса қўшасиз, деган умиддамиз.
Қадрли юртдошлар!
Келинг, шундай меҳнат муҳитини яратайликки, ҳар бир Қамашилик “мен деҳқонман” деб фахрлансин, ел-юрт юкини кўтаришга тайёр турсин!
Пахта теримида барчангизни уюшқоқлик ва масъулият билан иштирок этишга, меҳнатнинг қадрини билган ҳолда элга хизмат қилишга чақирамиз!
Қамаши тумани фермерлари кенгаши раёсати аъзолари