Қамаши тумани ҳокими Хуршид Усмоновнинг туман аҳлига Наврўз байрами табриги

Қамаши тумани ҳокими Хуршид Усмоновнинг туман аҳлига Наврўз байрами табриги

Муҳтарам нуроний отахон ва  онахонлар!

Мунис опа-сингиллар, азиз қамашилик юртдошлар!

Авваломбор, барчангизни яшариш ва янгиланиш, покланиш ва уйғониш айёми – Наврўзи олам билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Наврўз халқимизнинг қадим ва ҳамиша навқирон қадриятларини ўзида мужассам этган уйғониш фаслидир. Наврўз – бу шарқона Янги йилимиз, янги куннинг бошланишидир. Худди шу куни бободеҳқонларимиз яхши ниятлар билан ерга уруғ қадаб, халқимизнинг нон – насибаси, ризқ-рўзи улуғ бўлишини Яратгандан сўраб ният қилишади. Мустақиллик шарофати боис бўй кўрсатган миллий анъана ва урф-одатларимиз, қадриятларимиз айниқса, Наврўз байрамида янада улуғланади. Бу эзгулик байрамида ҳамма бир-бирига яхши ниятлар, табриклар улашади.

Баҳор айёмини кенг миқёсда нишонлаш мақсадида  ҳурматли Президентимизнинг 2024 йил Наврўз миллий байрамини “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида нишонлаш ҳақида қарори қабул қилинди. Наврўзнинг маънавий ҳаётимиздаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, ушбу айёмни миллий қадрият ва урф-одатларимизга уйғун тарзда, ҳар томонлама муносиб даражада нишонлаш мақсадида туманимизда ҳам кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.

Азиз юртдошлар!

Сўнгги йилларида мамлакатимиз юксалишнинг юксак тараққётига кўтарилди. Жумладан, Наврўздан Наврўзгача туманимиз ҳаётида бўлган юксак ўзгаришлар, фидокорона меҳнат эвазига амалга оширилган эзгу ва савобли ишлар ҳар биримизнинг қалбимизга фахр ва ифтихор туйғусини солади.

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўли ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугун туманимизда ёш авлоднинг камол топишига катта эътибор қаратилган.

2022-2023-ўқув йилида Қамаши туманидан жами 1 989 нафар абитурентлар олий таълимга ўқишга қабул қилиниб, вилоят бўйича энг юқори кўрсаткични қайд этди. Мактаб битирувчиларининг эса 834 нафари, яъни
23 фоизи олийгоҳ талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлди. Бу кўрсаткич ўтган ўқув йилгига нисбатан
11 фоизга ўсган.

Жорий ўқув йилидан бошлаб ҳар бир ўқувчига 2 та хорижий тилни билиши ва 1 та касбни ўргатиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилади. Шу мақсадда 3-61-63-сонли мактабларда инглиз ва француз тилларини ўргатиш ва 28-сонли мактабда касбга ўргатиш бўйича ўқув амалиёти ўташ белгиланган. 2023 йил 3 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди. Биргина ўтган ўқув йилида мактабларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, 355 дона мусиқа асбоблари, 475 дона спорт анжомлари, 5 та мактаб лабороторияси асбоб-ускуналари туман маҳаллий бюджети манбалари ҳисобидан ҳамда 10 минг дона бадиий адабиётлар “Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан мактабларга тақдим қилинди.

Туманимизда жорий йил бошидан ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида жами 1 842 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилди. Уларга ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий –маънавий ёрдамлар кўрсатилди.

Қадрли дўстлар!

Маълумки, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш оила учун ҳам, давлат учун ҳам самарали ва фойдалидир. “Ташаббус-бюджет” лойихаси доирасида Қамаши туман тиббиёт бирлашмасига моддий техника базасини мустахкамлаш мақсадида янги тиббий аппаратлар, Шошилинч тиббий ёрдам бўлими тўлиқ капитал таъмирланди, Кўп тармоқли марказий поликлиникасига қарашли Болалар бўлими биносини таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, Қабул бўлимини жорий таъмирлаш учун 1 млрд 200 млн сўм маблағ эвазига қурилиш-таъмирлаш ишлари яқин кунларда якунига етказилади. Тизимидаги 9 та тиббиёт муассасалари биноларига жами 98 квтлик қуёш панеллар ўрнатилган. Ҳозирги кунда туманда мавжуд бўлган 11 та бирламчи тиббий санитария муассасалари тўлиқ оптик толали интернет билан таъминланди. Жорий йилда 120 ўринли туғруқ комплекси биносини қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Азиз тумандошлар!

Оила фаровонлиги ва келажагимиз ворислари бўлган фарзандларимизнинг тарбияси мунис онахонларимизнинг, меҳнаткаш аёларимизга берилган эътиборга боғлиқ деб биламиз.  Жумладан, 2023 йил давомида Халқ депуталари Қамаши туман Кенгашининг қарори билан 6 та йўналиш бўйича  7191 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилди ҳамда уларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди. Миллий қадриятларимизни улуғлаган ҳолда янги ўқув йили арафасида  452 нафар ўғил-қизларимизга мактаб формаси олиб берилди. Туманда ўтказилган Наврўз сайлида 25 нафар фарзандларимизнинг суннат тўйларини нишонланди. Мен мана шу азиз фарзандларимизнинг, уларнинг оналарининг кўзларидаги қувончларини кўриб, Ҳақ олдида адо этаётган эзгу инсонийлик бурчимиздан ниҳоятда мамнунман. Насиб бўлса, шу жажжи йигитлар келажакда элнинг корига ярайдиган, бунёдкорлик ва фаровонлик йўлида юртимизнинг қалқони, ҳақиқий мард ўғлонлари бўлади, деб ишонамиз.

Ҳурматли қамашиликлар!

2023 йилда туманнинг иқтисодий кўрсаткичлари сезиларли даражада ўсди. Ҳисоб-китобларимиз қишлоқ хўжалиги 1,9 фоизга, қурилиш соҳаси 5,9 фоизга, хизмат кўрсатиш 8,7 фоизга, чакана савдо 7,0 фоизга ўсганини кўрсатади. Қурилиш соҳасида 58 км сув тармоқлари тортилди. 4 та артезиан қудуқ ишга туширилди. 1 357 дона электр бетон устунлари ўрнатилди. 64 км қум-шағалли, 57 км асфальт йўл қуриб битказилди. Туманда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 32,4 км йўл, 2 та артезиан қудуқ, 1 та мактаб, 1 та тиббиёт объекти қуриб битказилди. Биз бу йил ҳам “Ёшлар ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”  давлат Дастурлари доирасида Қамаши туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича катта режаларни олганмиз. Туманда халқимиз яшаш шароитини яхшилаш борасида катта-катта бунёдкорлик ишларини амалга оширамиз.

2024 йил Қамашида туризмни ривожлантириш йили бўлади десам адашмайман. Келгусида Ҳазрати Лангарота ва Майданак обсерваторияси атрофларида туризм ва экотуризмни ривожлантириш учун тижорат банкларнинг имтиёзли кредитлари ва маҳаллий тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан оилавий меҳмонхоналар, ўтов-уйлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилади. Буларнинг ҳисобига 500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Азиз қамашилик юртдошлар!

Наврўз байрами тантаналари халқимизнинг ўлмас ва безавол қадриятлари яна бир бор ўзининг ҳаётбахш қудратини кўрсатмоқда. Наврўз ана шундай саҳоват, меҳр-муравват, ишонч, оқибат, қут-барака байрамидир. Табиатнинг кунаро туҳфа этаётган обираҳмати, ёмғирли кунлари қут-баракадан дарак бермоқда. Демакки, бу йилимиз эзгулик, яхшилик, мўл ҳосиллик, бунёдкорлик ва фаровонлик йили бўлишига чин дилдан ишонамиз.

Ҳар бирингизнинг оилангизда тўкинлик ва фаровонлик, тинчлик ва омонлик, сиҳат ва саломатлик бўлсин, Наврўзи олам юртимизга, элимизга, халқимизга, Ватанимизга фақат шодлик ва бахт олиб келсин!

Қамаши тумани ҳокими Хуршид Усмонов