
Вилоят ҳокими Қамашида тадбиркорлар билан учрашди
Муротжон Азимов вилоят сектор ва ташкилот раҳбарлари ҳамроҳлигида Қамаши туманида аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган тадбиркорлик лойиҳалари билан танишди.
Учрашувда тадбиркорларнинг 50 дан ошиқ лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга ошиши натижасида туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш хажми 909,3 млрд.сўмга, хизмат кўрсатиш ҳажми 1508,8 млрд.сўмга ошади.


Хусусан, туманда лойиҳа қиймати 1,5 млн доллар бўлган «BBU AZAMAT” МЧЖ томонидан агрологистика марказини ташкил этиш орқали 400 нафар аҳоли бандлигини таъминланади ва экспорт ҳажми 3 млн долларга етказилади. Маълумот ўрнида, корхона 18 турдаги турли доривор ўсимликларни Европа бозорларига экспорт қилиб келмоқда.
Туман учун янги лойиҳа бўлган тиббиёт спирти ва нам салфеткалар ишлаб чиқаришни «Нусрат асл фарм» хусусий корхонаси йўлга қўйишни бошлайди. Дўстлик маҳалласида ташкил қилинадиган корхона тўлиқ қуввати ишга тушиши билан 10 нафар доимий иш ўрни яратилади ва йилига 350 минг тиббиёт спирти ва нам салфеткалар бозорга чиқарилади.
“Модернизация махсус сервис имкт” МЧЖ томонидан туманда лойиҳа қиймати 15.5 млрд сўм бўлган асфальт ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада 20 нафар доимий иш ўрни яратилади. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариши 52.5 минг тоннани ташкил қилади.
“Қамаши текстль” кластери томонидан 250 нафар киши бандлигини таъминлайдиган мато ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 150 млрд сўмни ташкил қилади.
Қамашилик тадбиркорларнинг ҳар бир лойиҳаси билан бирма бир танишган вилоят раҳбари ишларни самарали ташкил қилиш борасида зарурий тавсияларини берди.
Ўз навбатида тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотлар давомида уларнинг қийнаётган муаммолари, хусусан, банк кредити билан боғлиқ масалалар шу ернинг ўзида ўрганилди ҳамда ижросини таъминлаш борасида тегишли мутасадди идоралар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.


