Бугун 12 май – Халқаро ҳамширалар куни

Бугун 12 май – Халқаро ҳамширалар куни

Ҳар йили 12 май – Халқаро ҳамширалар куни сифатида бутун дунёда муносиб нишонланиб, ҳамшираларга алоҳида эҳтиром кўрсатилади.

Коронавирус туфайли курраи замин бугун бир вужуд, халқлар ва элатлар эса гўё бир оиладек бирлашиб ҳаракат қилмоқда ва мана шундай даврларда шифокор-у, ҳамшираларга бўлган эҳтиром ва ҳурматимиз янада ошмоқда. Зеро, ҳамшира деганда кўз ўнгимизга қўли енгил, сўзи ширин, юзи кулиб турадиган ва ҳар қандай вазиятда беморга беминнат кўмак беришга тайёр малакали мутахассис гавдаланади. Тиббиёт масканларида фидойи бўлиб, ўзига юклатилган бемор парваришини сидқидилдан меҳр билан амалга оширадиган соҳа вакиллари бугун касб байрамини нишонламоқда.

Дарҳақиқат, тиббиёт соҳасини ҳамширалар фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Соҳадаги энг сўнгги тиббиёт технологиялари асосидаги операцияларни муваффақиятли ўтказиш жараёнидан тортиб, операциядан кейинги бемор парвариши, лаборатория-диагностика соҳаси, она-бола парвариши, шошилинч ва тез тиббий хизмат, санитария-эпидемиология, фармацевтика каби қатор соҳаларида юртимизда фаолият юритиб келаётган 300 минг нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари, ҳамшираларнинг ўрни беқиёс. Шу жумладан, уйма-уй юриб, оиладаги тиббий маданият даражасининг юқори бўлишида улкан ҳисса қўшиб келишаётган патронаж ҳамшираларнинг меҳнати ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ.

Бугун Қамаши тумани Болалар поликлиникасида 22 йилдан бери патронаж ҳамшира сифатида хизмат қилиб келаётган фидойилармиздан бири Жўраева Зилоладир. Қаҳрамонимиз Ўзбекистон маҳалласидаги 220 та хонадондаги 0 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга ғамхўрлик қилиб келмоқда.

– Тиббиёт соҳасида фаолият юритиш учун инсон сабр-тоқатли, меҳрли, ширинсўз бўлиши керак, — дейди Зилола Жўрайева.

Яна бир ажойиб самимий, меҳрибон ва бироз камгап қаҳрамонимиз Даминова Муаззам.

– Ҳар бир ишга масъулият билан ёндашиш керак. Инсонлар ҳар доим умид билан келишади. Қалблардаги умид учқунларини биз алангага айлантишимиз лозим. Зероки, бу умид учқунлари алангага айланганда биз уларга ёрдам бермаймиз балки бемор ўзини-ўзи даволайди. Ҳамширалар ҳар доим ширинсўз ва ўз ишининг мукаммал мутахассислари бўлиши керак, – дея такрор-такрор айтиб ўтди қаҳрамонимиз.

Шу ўринда фидойилармизни Қамаши тумани ҳокимлиги давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларида Ватанимиз ва халқ олдидаги бурчини теран англаб, астойдил меҳнат қилаётган сиз, ҳамшираларни Халқаро ҳамширалар куни билан самимий қутлаган ҳолда, оилавий бахт, сиҳат-саломатлик, масъулиятли ва шарафли ишингизда улкан муваффақият тилайди!

Мухлиса Тоғаева