Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга ажратилувчи умумий квотанинг 4 фоизи миқдоридаги грант учун аризалар қабул қилиш бошланди

Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга ажратилувчи умумий квотанинг 4 фоизи миқдоридаги грант учун аризалар қабул қилиш бошланди

2 мингта грант

Хотин-қизлар учун ўқишга киришдаги асосий имкониятлардан бири — эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга ажратилувчи умумий квотанинг 4 фоизи миқдоридаги (2 мингта ўрин) грант ҳисобланади. Унга талабгорлар тавсияномани Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасидан олади.

Тавсияномани кимлар олиши мумкин?

Қуйидаги талабларга мос бўлган номзодлар 2 мингталик квота учун тавсиянома олишлари мумкин:

  • Кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар (оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила);
  • Тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;
  • Турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;
  • Ногирон фарзанди бўлган, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;
  • 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида (ижарада) яшаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;
  • Ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.

Бу тавсияноманинг ҳам амал қилиш муддати 3 йил. Масалан, ўтган йили тавсиянома олган, лекин ўқишга киролмаган абитуриент бу йил ҳам ундан фойдаланиши ва квотадан ташқари ўтказиладиган танловда иштирок этиши мумкин. Қамаши туманида ўтган йили 305 нафар хотин-қизлар тавсия олишган. Шундан 27 нафари талаба бўлди.

Тавсияномаси бор хотин-қизлар ҳам 5 та йўналишга ҳужжат топшира олади. Уларнинг баллари аввало умумий абитуриентлардан ташқари, тавсияномалилар учун алоҳида ҳисобланади ва энг юқори балл тўплаганлар имтиёз билан талабаликка қабул қилинади, етарли балл тўплай олмаганлар эса бошқа абитуриентлар каби умумий танловда қатнашади ва баллига қараб талаба бўла олиши ёки бўла олмаслиги мумкин.