
Қизининг мурожаатидан кейин оила тикланди
Human.uz сайтида Қамаши тумани “Самарқанд” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Эшонқулова Зарина Жаҳонгир қизининг “Оиламиз оч қолса, мендан бошқа ким боқади?!” дея ёзган мурожаати тегишли мутахассислар томонидан ўрганилди.
Қамаши тумани ҳокимлигининг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Саида Тошниязова қуйидагиларни маълум қилди.
Зарина Эшонқулова Қамаши туманида туғилган. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳридаги тадбиркорлик субъектида ишламоқда.
Ота-онаси 2003 йилда никоҳдан ўтган, оилада ўғил фарзанд бўлмаганлиги сабабли 2011 йилнинг апрель ойидан бошлаб бирга яшамай кетишган. Улар ўртасида расмий ажрим бўлмаган.
Ҳозирги кунда Заринанинг оиласи Қамаши тумани “Самарқанд” маҳалла фуқаролар йиғини Наврўз кўчасида ижарада яшаб келмоқда. Онаси С.Хайитова “Темир дафтар”га киритилган бўлиб, унга озиқ-овқат маҳсулотлари, 3 млн 800 сўм пул маблағлари ҳамда бошқа моддий ёрдамлар кўрсатилган, бундан ташқари «Аёллар дафтари»нинг 2-босқичига киритилиб, ижара шартномасига асосан 1 млн. 200 минг сўм ижара пуллари тўлаб берилган.
Заринанинг отаси Тошкент шаҳрида қурилиш ишларида ишлаб келмоқда.
Алимент маслаласи юзасидан, С.Хайитованинг турмуш ўртоғидан 3 нафар фарзандини моддий таъминоти тўлиқ таъминланаётганлиги сабабли ижро ҳужжатини ижро қилмасдан қайтаришини сўраб бир неча маротаба мурожаат қилганлиги сабабли ижро ҳужжатини 29.06.2019 йилда С.Ҳайитовага Қонуннинг 27-моддаси тартиби тушунтирилган ҳолда ундирувчига қайтарилган ва ижро иши юритиш Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунинг 40-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан тамомланган.
Заринанинг оммавий ахборот воситалари орқали қилган мурожаатидан сўнг ота-онаси ўзаро ярашиб олишди. Ота оиласи ва фарзандлари таъминотини ўзи бажаришга ваъда берди. Шу ўринда туман ҳокимлиги мазкур оиланинг ҳамжиҳатликда яшаб кетиши учун қонунда белгиланган тартибда ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилади.